Ўзбекистонда сентябрь ойида 1 фоизлик инфляция қайд этилди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси ҳисоботида қайд этилган.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Йил бошидан бери инфляция 8,1 фоизга етган бўлса, йиллик ҳисобда 12,2 фоизни ташкил этмоқда.

Май ойида нархлар ошиши 1 фоизни ташкил қилган эди. Июнда эса 0,9 фоизлик инфляция кузатилган.

Июль ойида 2022 йил ҳисоби бўйича илк бор 0,1 фоизлик дефляция (нархлар тушиши) қайд этилган эди. Август ойида нархлар ўсишни бошлаган ва бу сентябрда ҳам давом этмоқда.

Сентябрда энг кўп нарх ўсиши кузатилган озиқ-овқат секторида нархлар августга (0,7 фоиз) нисбатан 2 баробар кўтарилган — 1,4 фоиз.

Ноозиқ-овқат маҳсулотлар ва хизматлар нархлари ой давомида 0,7 фоизга, хизматлар нархлари эса 0,4 фоизга ошди.

Жорий йилнинг сентябрида озиқ-овқат маҳсулотлари ўтган йилнинг охирига нисбатан (10 фоиз) нархлар ошиши бўйича етакчиликни сақлаб қолди ва улар нархларининг 2022 йил январь—сентябрдаги ўртача ойлик ўсиш суръати 1,1 фоизни ташкил этди.

Ноозиқ-овқат маҳсулотлар нархлари ушбу даврда 7,9 фоизга ошди, ўртача ойлик ўсиш суръати 0,9 фоизни ташкил этди.

Хизматлар нархларининг ўсиш суръати 2022 йилнинг январь—сентябрида 4,8 фоизга етди ва ўртача ойлик ўсиш суръати 0,5 фоизни ташкил этди.

Аввалроқ глобал инфляция билан боғлиқ вазият қандайлиги ҳақида хабар берилганди.