Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорининг матбуот котиби Дурдона Очилова июнь ойида берган ахборотида 2021 йилнинг энг кўп суммадаги порахўрлик жинояти 2 миллион доллар, деб кейинроқ 200 минг долларга ўзгартирилгани ҳақида хабар берган эди. Бу агентликнинг биринчи маротаба айтиб, кейин қайтиб олиши эмас. Июль ойида ҳам берилган ахборотда Мудофаа вазирлиги 36 миллиард 1 миллион сўм маблағни давлат харидларига оид қонунга зид равишда ишлатган, деб хабар тарқатиб, кейинроқ берилган маълумотни таҳрирлаб қўйган эди.

«Дарё»нинг агентлик ахборот хизматига бир неча бор қилган сўровларидан кейин 4 ой ўтиб, 2021 йилнинг энг катта порахўрлиги ҳақида жуда қисқа маълумот тақдим этилди.

Айтилишича, мазкур порахўрлик жинояти ер ажратиш (олди-сотди) билан боғлиқ ҳисобланади. Лекин агентлик ахборот хизмати пора қайси мансабдорга берилгани ва қачон берилгани, иш нима билан якун топганига ойдинлик киритмаган.

Жорий 2022 йилда ҳам ноқонуний ер олди-сотдиси бўйича бир нечта ҳолатлар қайд этилмоқда. Хусусан, июль ойида Тошкент вилоятида уч ҳолатда: 3 гектар ерни 350 минг долларга, 4,5 гектар ерни 240 минг долларга ва 1 гектар ерни 400 минг долларга сотмоқчи бўлган шахслар ушланган. Сирдарё вилоятида ҳам дарё қирғоғидаги 4,5 гектар ерни 240 минг долларга сотишга уринган шахслар қўлга олинган.

Ҳоким ҳам ноқонуний ер ажратишга аралашган!

Президент администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов бошчилигида 27 сентябрь куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишда Фарғона тумани ҳокими Шуҳратжон Мўминовни ноқонуний ер сотиш ишига аралашгани боис лавозимидан озод этилганини айтган эди.

«Фарғона тумани, Мўминов. Сиз жуда яхши биласиз, алоҳида жиноят иши қўзғатилган. Сизнинг туманингизда тендерсиз ер майдонларини ажратиш бўйича қарорлар чиқарилган. Унумдор бўлган 25 гектардан кўп ер майдонини бириктириш эвазига нималар бўлганини ҳам жуда яхши биласиз», — деган эди Сардор Умурзоқов.

Администрация раҳбари ҳокимнинг жиноий жавобгарликка тортилиши ёки тортилмаслиги масаласи бўйича икки ҳафта ичида кўриб чиқилишини қўшимча қилганди. Йиғилишда ҳокимни ноқонуний ер ажратишда айнан қандай алоқаси борлигига айниқлик киритилмаган.