Самарқанд шаҳрида 11 ноябрь куни Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдаги саммити бўлиб ўтади. Шу муносабат билан Ташқи ишлар вазирлиги саммитни ёритиш учун хорижий оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитация қилиш бошланганини маълум қилди.

Қайд этилишича, тадбирни ёритишда иштирок этишни истаган чет эл ОАВ вакиллари ТИВга қуйидаги ҳужжатларни топшириши шарт:

  • ОАВ раҳбариятининг ўз мухбирини (мухбирларини) аккредитация қилиш тўғрисидаги мурожаатномаси;
  • ОАВ ҳақида маълумот;
  • таржимаи ҳол (резюме / CV);
  • паспорт нусхаси;
  • фотосурат (томонларн нисбати 3х4, максимал ўлчамлари 600х800 пиксел, минимал - 240х320 пиксел, юз тўлиқ кўринган, оқ фонда);
  • COVID-19 га қарши эмлаш сертификати;
  • тўлдирилган сўровнома.

Хорижий ОАВ вакилларининг аризалари 2022 йил 4 ноябрь Тошкент вақти билан соат 18:00 га қадар Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари орқали ёки тўғридан-тўғри Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг ots-press@mfa.uzelektron манзили орқали қабул қилинади.

Белгиланган муддатдан кейин юборилган мурожаатлар, шунингдек, зарур маълумотларсиз ва тўлдирилган сўровномасиз аризалар кўриб чиқиш учун қабул қилинмайди.

Шу билан бирга, саммитни ёритишда иштрок этиш учун хорижий ОАВнинг топширган аризалари Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан уларнинг аккредитация қилинганлиги тўғрисидаги тасдиқномасиз Ўзбекистонга ташриф буюриш ва журналистик фаолияти билан шуғулланиш учун асос бўла олмайди.

«Қўшимча саволлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Матбуот хизматига press@mfa.uz электрон почтаси орқали мурожаат қилиш мумкин, — дейилади хабарда.