Американинг электромобиль ишлаб чиқарувчи Tesla компанияси учинчи чоракда етказиб бериш ҳажмини олдинги уч ойга нисбатан 34,5 фоизга оширди. Бу ҳақда Bloomberg хабар бермоқда

Фото: Bloomberg

Компаниянинг электромобиль ишлаб чиқариш кўрсаткичи рекорд даражадаги 343,83 мингтага етди.

Таҳлилчилар бу кўрсаткич 358 мингта электромобиль бўлишини прогноз қилган эди.

Электромобиль русумлари орасида Model Х ва Model S’ни етказиб бериш 18 672 та, Model 3 ва Model Y’ни етказиб бериш 325 158 тани ташкил этди.

Tesla ўтган чоракда 365 923 та автомобиль ишлаб чиқарди, бу иккинчи чоракдан 41 фоизга кўп.

Компаниянинг ишлаб чиқариш ва етказиб бериш ўртасидаги фарқи 22 мингдан кўпроқни ташкил қилди. 

Бу биринчи чоракдаги 4 минг донадан сезиларли даражада ошган. Ишлаб чиқариш суръати талабдан анча юқори бўлмоқда.

Компания бунга логистикадаги муаммолар сабаб бўлганини таъкидлади. 

Ишлаб чиқариш ҳажми ўсишда давом этар экан, логистиканинг энг юқори чўққисига чиққан ушбу даврда ўртача нархда транспортни таъминлаш тобора қийинлашмоқда, — дейилади Tesla’нинг пресс-релизида.

Tesla учинчи чорак молиявий ҳисоботларини 19 октябрда эълон қилишни режалаштирмоқда.

Электромобиль ишлаб чиқарувчи компаниянинг акциялари йил бошидан буён 24,7 фоизга, Nasdaq Composite фонд индекси эса ўтган давр мобайнида тахминан 32 фоизга арзонлашган.