Украина Олий суди собиқ президент Пётр Порошенконинг амалдаги давлат раҳбари Владимир Зеленскийга қарши даъвоси бўйича суд жараёнини якунлади. Порошенко Зеленскийни «жамоат манфаатига алоқадор маълумотлар»ни эълон қилмагани учун ҳаракатсизликда айблаган эди, деб хабар бермоқда «Украина янгиликлари» иш материалларига таяниб.

Фото: «РИА Новости»

Порошенко Зеленскийдан собиқ президентни ўша пайтдаги Рада депутати Виктор Медведчук (у давлатга хиёнатда айбланган) билан боғлайдиган материалларни оммага кўрсатишни талаб қилган.

«12 сентябрь куни Олий суд Кассация маъмурий суди судьялар ҳайъати таркибида Порошенконинг даъвоси бўйича иш юритишни якунлади. Бешинчи президент Олий суддан жамоатчиликни қизиқтирган маълумотлар ошкор этилмагани учун Зеленскийнинг ҳаракатсизлигини тан олишни сўраганди», — деб ёзади агентлик ва бу қарор устидан Олий суднинг Катта палатасига шикоят қилиниши мумкинлигини қўшимча қилди.

Зеленскийга қарши даъво аризаси 2021 йилнинг июль ойида Порошенконинг адвокати томонидан берилган эди. Бунга сабаб шуки, Зеленский Медведчукнинг Донецк ва Луганск халқ республикаларидан кўмир етказиб бериш бўйича Россия расмийлари билан суҳбати аудиоси тарқалганини айтган — суҳбатларда Порошенко ҳам тилга олинган.

Шу билан бирга Украина Давлат тергов бюроси бир қатор шов-шувли жиноий ишлар, хусусан, «Харьков келишувлари» ва «кўмир иши» (Медведчук ва Порошенкога қарши) бўйича материаллар йўқ қилингани ҳақидаги ОАВ хабарларини рад этди.

2021 йилнинг декабрь ойида Зеленский ушбу иш бўйича судга чақирилган. Унинг иштирокидаги учрашув 2022 йилнинг 28 февралига белгиланганди. 19 январь куни Киев Печерск суди Порошенкога нисбатан эҳтиёт чорасини танлаган, шунингдек, унинг хорижга чиқиш паспортини топширишни буюрган. Май ойида Медведчук Порошенконинг Россия томони билан келишувларига алоқадорлиги ҳақида гувоҳлик берган эди.