Украинанинг НАТОга кириши жараёни камида бир неча ой ёки ҳатто бир неча йил давом этиши мумкин, деб ёзади The New York Times газетаси экспертларга таяниб.

Фото: Getty Images

НАТО «очиқ эшиклар сиёсати»ни олиб борса-да Украинада ҳарбий ҳаракатлар давом этаётган бир пайтда, блок унинг қўшилишига рухсат бериши даргумон, дейилади мақолада.

НАТОнинг очиқ эшиклар сиёсатига мувофиқ, альянсга аъзо бўлишни истаган ҳар қандай Европа давлати, агар у муайян талабларга жавоб берса, буни амалга ошириши мумкин.

NYT Шимолий Атлантика альянси Вашингтон шартномасининг 5-моддасида баён этилган жамоавий мудофаа тамойилига амал қилишини эслатди. Унга кўра, блок аъзоларидан бирига қилинган ҳужум барчага қилинган ҳужум деб билинади.

АҚШ расмийларининг ваъда қилишича, Вашингтон Киевнинг НАТОга қўшилишга бўлган интилишларига халал бермайди. Шу билан бирга, АҚШ ва Европа иттифоқчилари Россия билан муносабатларнинг кескинлашувидан хавотирда. Газетага интервью берган таҳлилчиларнинг айтишича, АҚШ президенти Жо Байден «илгари Украинанинг альянсга аъзо бўлишини қўллаб-қувватлашни истамаган».

«Бу (Украинанинг НАТОга кириши) вақт талаб этади. Унга қадар Украина ўз иттифоқчиларидан қатъий хавфсизлик кафолатларига муҳтож», — дейди альянс собиқ бош котиби Андерс Фог Расмуссен.

Украина президенти Владимир Зеленский мамлакат ҳудудларининг Россия томонидан аннексия қилиниши фонида тезлаштирилган тартибда НАТОга аъзо бўлиш учун ариза топширган эди. Унинг сўзларига кўра, Киев ва НАТО аллақачон «де-факто иттифоқчилар», аммо бу мақом ҳужжатлаштирилиши керак. Жараён давомида Украина ўзи учун хавфсизлик кафолатлари бўйича музокаралар олиб бориш ниятида.

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Украинанинг альянсга қўшилиш ҳақидаги аризасига изоҳ берар экан, НАТОга аъзолик тўғрисидаги қарор 30 давлатнинг барчаси томонидан қабул қилиниши кераклигини, ҳозирда альянс Украинага Россиянинг шафқатсиз босқинидан ўзини ҳимоя қилиш учун тезкор ёрдам беришга эътибор қаратаётганини айтди.

Оқ уй жараённи бошқа вақтда муҳокама қилиш керак, деб ҳисобламоқда.

Европанинг 9 мамлакати — Польша, Чехия, Эстония, Латвия, Литва, Шимолий Македония, Черногория, Руминия ва Словакия Украинанинг НАТОга қўшилишини қўллаб-қувватлаб чиқди.