Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида 29 ёшли ўғил 51 ёшда бўлган онасини пичоқлаб ўлдиргани хабар берилганди. Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдиновнинг «Дарё»га қўшимча маълумот беришича, воқеа 2 октябрь куни эмас, 2022 йилнинг 28 сентябрь куни соат тахминан 19:43 да содир бўлган.

«Ғиждувон туманида яшовчи Ҳ.Н. онаси М.О. билан яшаш уйига бегона эркакларни олиб келмаслик масаласида ўзаро тортишиб, жанжал қилган. Жанжал пайтида ўғил ошхона пичоғида онасининг чап елка юқори қисми, кўкрак қафаси ва қўлтиқ ости соҳасига бир мартадан, жами уч маротоба уриб, қасддан ўлдирган. Суд тиббий экспертизанинг дастлабки маълумотига кўра марҳума ўлимига чап ўпкасини тешиб ўтиб, юрак аорта томирини жароҳатланиши оқибатида келиб чиққан ўткир массив ички қон кетиши сабаб бўлгани кўрсатилган», — дейилади Бош прокуратура ахборотида.

Таъкидланишича, ҳодиса жойини вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари Б.Камолов, вилоят прокуратураси тармоқ бошлиқлари — Ш.Мамаризаев ва Б.Қурбонов, вилоят ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари Э.Сафаров, Ғиждувон туман прокурори ўринбосари Д.Сафаров, туман ИИО ФМБ бошлиғи А.Холиқов ҳамда тезкор тергов гуруҳи аъзолари чиқиб, воқеани ўрганган.

«Ҳодиса жойи ва унинг теварак атрофи криминалистик — техника воситалари ёрдамида кўздан кечирилиб, бир дона ошхона пичоғи, қонга ўхшаш доғлардан суртмалар ҳамда марҳума М.О.нинг қонга ўхшаш доғлари бўлган кийимлари олинган. Ҳолат юзасидан 28 сентябрь куни туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми (қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, Ҳ.Н. Жиноят процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланиб, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган», — дейилади расмий ахборотда.

Қўшимча қилинишича, жиноят иши бўйича Ғиждувон туман прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.