Украина Қуролли кучлари Россия томонидан оккупация қилинган Херсон вилоятидаги иккита аҳоли пункти — Архангелск ва Мйролюбовкани озод қилди. Бу ҳақда Украина президенти Владимир Зеленский урушнинг 221-куни якунлари бўйича халққа мурожаатида айтиб ўтди.

Фото: Украина президенти офиси

Ҳар куни камида икки марта — эрталаб ва кечқурун ҳарбийларимиздан хабар оламан. Бу ҳафтадаги ҳисоботларнинг энг катта қисмини мудофаа амалиётимиз доирасида душмандан озод қилинган аҳоли пунктлари рўйхати эгаллади. Донецк вилоятидаги Лиманнинг озод қилингани оммавий ахборот воситаларида энг кўп айланмоқда. Аммо жангчиларимизнинг муваффақиятлари фақат Лиман билан чекланмайди. Бу, биласизми, шундай тенденция... Яқинда кимдир қаердадир сохта референдумлар ўтказганди. Украина байроғи қайтарилганида эса, у ерда ҳеч ким Россиянинг аллақандай қоғозлар, аллақандай аннексия билан қилган майнавозчиликларини эсламаяпти. Албатта, Украина ҳуқуқ-тартибот идоралари бундан мустасно. Чунки давлатимизга қарши ҳар қандай тажовуз унсурларига алоқадор бўлган ҳар бир киши бунинг учун жавоб беради, — деди Зеленский.

1 октябрь куни Украина ҳарбийлари қарши ҳужум доирасида Донецк вилоятининг Лиман шаҳрига кирган эди. Россия Мудофаа вазирлиги қамалда қолиш хавфи туфайли қўшинлари шаҳардан олиб чиқилганини тасдиқлади.

Бу воқеа Владимир Путин Кремлда Украинанинг Россия томонидан босиб олинган ҳудудлари — Запорожье ва Херсон вилоятларини, шунингдек, Донбасс республикаларини аннексия қилиш тўғрисидаги келишувларни имзолаганидан бир кун ўтиб содир бўлди.