Қарши шаҳрида барпо этилган Сity’да яшовчи аҳоли вакиллари «Дарё»га мурожаат қилиб, яшаётган манзилининг номи Сity эканлигини, аммо яшаш тарзи ва манзили қишлоқ шароитидан фарқ қилмаслигини айтмоқда.

Мурожаатчилар муаммосини ўрганиш мақсадида журналист Муроджон Амиров Қарши Сity’да бўлди.

Фото: «Дарё» / Аслиддин Эшонқулов

Журналистнинг айтишича, улар кўп қаватли уйлар яқинига бориб, мурожаатчилар билан суҳбатлашишга уринганда нотаниш кимсалар келиб, «Нега бу ерни тасвирга оляпсан, сенга ким рухсат берди», дея фаолиятига қаршилик кўрсатган. Журналист ҳудудга мурожаат юзасидан келганини айтиб, ахборот олиш ҳуқуқи борлигини билдирган.

Фото: «Дарё» / Аслиддин Эшонқулов

Сity’даги уйларимизни 2021 йилнинг ноябрь ойида қабул қилиб олган бўлсак, шундан бери муаммолар ҳақида айтамиз. Аммо ҳеч ким эшитмаяпти. Ҳалигача кўп қаватли уйлар олди ёзда чанг, қишда эса лой бўлиб ётади. Ёмғир ёққан пайтда кўлмакка айланган сувлардан ўтиб, «дом»га кирамиз. Электр токи ўчиб қолган пайтларда юқори қаватга қийналиб чиқамиз. Ҳалигача шу муаммолар бор, — дейди аҳоли вакилларидан бири Шаҳноза Мавлонова.

Шаҳноза Мавлонова.

Фото: «Дарё» / Аслиддин Эшонқулов

Шаҳноза Мавлонова уй нархи арзон бўлмаганлигини, қиммат нархга олинганини, аммо қурилиш сифати ҳам, уй атрофидаги шарт-шароитлар ҳам талаб даражасида эмаслигини айтмоқда.

Фото: «Дарё» / Аслиддин Эшонқулов

Қиш келяпти: болаларимиз қандай мактабга боради? Қандай уйдан чиқамиз? Уйимизнинг олди тизза бўйи сувга тўлади. Лой кечиб, уйга кирамиз. Ойма-ой тўлов қилаётган бўлсак, қачон бу жойлар асфальт қилинади? Қурилиш сифати ҳам яхши эмас. Уйни фалон пулга сотиб олган бўлсак, шароитини ҳам қилиб беришсин-да энди, — дейди у.

Фото: «Дарё» / Аслиддин Эшонқулов

Шу шаҳарчадаги кўп қаватли уйлардан бирини сотиб олган Қундуз Ражабова ҳам 2021 йилнинг октябрь ойида уй олганини, шу пайтга қадар кўп қаватли уйлар атрофи аҳоли юриши учун ҳам қулай ҳолатга келтирилмаганини билдирмоқда.

Фото: Сарвиноз Исмоилова

Ёзда чангдан, ёмғирли кунларда лойдан безиб қолдик. Катталар-ку амаллаб юрамиз, аммо болалар мактабга боришда муаммога учраяпти, — дейди аҳволи вакиллари.

Фото: Сарвиноз Исмоилова

Сity’даги 13-уйда яшовчи Дилфуза Норқобилова 2021 йилнинг октябрь ойида уй сотиб олганини, шундан бери кўп қаватли уйлар атрофига болалар ўйингоҳи ҳам автомобиллар учун «стоянка» ҳам қурилмаганини айтмоқда.

Фото: Сарвиноз Исмоилова

Ёмғир ёғса уйимиз атрофи кўлмак бўлиб кетади. Сув кечиб, лой кечиб уйга кирамиз. 2021 йилнинг октябрь ойидан бери бу «дом»лар атрофига на болалар ўйингоҳи қурилди ва на автомобиллар учун «стоянка». Ахир лойиҳада шулар бўлган-ку, раҳбарларга бу ҳақда мурожаат қилиб чарчадик, — дейди Дилфуза Норқобилова.

Дилфуза Норқобилова.

Фото: «Дарё» / Аслиддин Эшонқулов

Дилфуза опа юқори қаватда яшашини, қурувчилар юқори қаватга чиқиш учун генератор қўйиб берилишини айтганини, бироқ ваъда бажарилмаганини айтмоқда.

Фото: «Дарё» / Аслиддин Эшонқулов

Мен 13-қаватда яшайман. Электр токи ўчиб қолса, тепага пиёда чиқамиз. Мен-ку, 50 ёшга кирдим. Сал бўлса-да, куч-қувватим бор. Аммо 70-80 ёшга кирган чол-у кампирлар аҳволини тасаввур қилаверинг, — дейди у.

Фото: «Дарё» / Аслиддин Эшонқулов

Мурожаатчиларнинг билдиришича, Сity’да 6 та кўп қаватли уй учун 1 дона болалар ўйингоҳи қурилган.

Фото: «Дарё» / Аслиддин Эшонқулов

Ҳар бир хонадонда ҳеч бўлмаса 3-4 нафардан фарзанд бўлса, олтита «дом»да неча нафар бола бўлишини ҳисоблайверинг, уларнинг бари битта ўйингоҳга сиғмайди. Ачинарлиси, болалар ўйингоҳда ўйнаш учун ҳам навбатда туради, — дейди мурожаатчи аёллар.

Сарвиноз Исмоилова.

Фото: «Дарё» / Аслиддин Эшонқулов

Шу уйда яшовчи Сарвиноз Исмоилованинг айтишича, кўп қаватли уйларнинг газ, электр токи ва сув тизимидаги муаммоларни ҳам аҳолининг ўзи ҳал қилган.

Уйни топширишмаганидан кейин аҳоли вакиллари билан югура-югура газ, электр токи ва сув тизимларини улатиб, кейин кўчиб келдик. Вилоят ҳокимининг ушбу ҳудудни ободонлаштириш бўйича қарори чиққан бўлса-да ҳалигача ишлар олиб борилмаяпти. Шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати ушбу ҳолат бўйича расмий муносабат берди-да, бироз вақтдан кейин шу маълумотларни каналидан олиб ташлади, — дейди Сарвиноз Исмоилова.

Фото: Сарвиноз Исмоилова

Қарши шаҳар ҳокими ўринбосар Ғайрат Султонов аҳолининг шикояти ўринли эканини, мазкур камчиликлар учун маблағ ажратилганини айтмоқда.

Қарши шаҳар ҳокимлиги.

Фото: «Дарё»

Мажмуадаги кўп қаватли биноларга газ, электр токи, сув тармоқлари ўтказилган. Ободонлаштириш ишлари учун вилоят ҳокимининг 2022 йил 19 июлдаги қарори билан Қарши шаҳридаги «Наво» МФЙ ҳудудида қурилаётган кўп қаватли уй-жойларга кириш йўллари қуриш ҳамда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини бошлаш билан боғлиқ харажатлар учун вилоят ҳокимлиги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компаниясига маҳаллий бюджетдан 2 миллиард 599 миллион сўм маблағ ажратилган.

Лойиҳа, смета қилиниб, экспертизадан ҳам ўтказилган. Ҳамма нарса тайёр турибди. Аммо ишлар президентнинг «Бюджетлараро муносабатларни ва солиқ маъмуриятчилигини яна-да такомиллаштириш тўғрисида» қарорининг «Молия вазирлиги тегишли вазирлик, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда бюджет тизими бюджетларидан асосий воситаларни харид қилиш ҳамда бино ва иншоотларни таъмирлаш билан боғлиқ харажатларни жорий йил якунига қадар тўхтатиш (харид қилиш тартиб-таомиллари бошланган, шунингдек рўйхатдан ўтказилган юридик мажбуриятлар бундан мустасно) ва ушбу мақсадлар учун жорий йилда режалаштирилган маблағларни қисқартириш ёки 2023 йилга ўтказиш чораларини кўрсин», дейилган бандига асосан тўхтатилди. Тақиқ олиб ташланиши билан тендер эълон қилинади ва 15 кун ичида ишлар бошлаб юборилади, — дейди Ғайрат Султонов.

«Дарё» воқеалар ривожини кузатишда давом этади.