Йилига икки марта тиш шифокорига ташриф буюриш, кариеснинг биринчи белгилари пайдо бўлганда дарҳол тишларни даволаш ва ҳеч қачон жиддий тикланиш талаб қилинадиган ҳолатга келтирмаслик — буларнинг барчасига амал қилиш зарур. Аммо кўпинча даволаниш кечиктирилади — вақт, пул йўқлиги ёки оддийгина тиш шифокоридан одатий қўрқув туфайли. Аммо тишдаги муаммолар бартараф этилмагунча, соғлиқ билан боғлиқ муаммолар юзага келаверади, деб ёзади «Новий очаг».

Фото: «Новий очаг»

Тишнинг деворлари зарарланади

Соғлом тишлар ташқи таъсирга жуда чидамли ва уни синдириш учун кўп куч талаб этилади. Аммо кариес туфайли деворлар заифлашади ва ҳатто арзимас зарбадан ҳам бузилади. Шундай қилиб, касалланган тишни даволамасдан, узоқ вақт қолдириш натижасида уни йўқотиш хавфи шунчалик юқори бўлади.

Метаболизм бузилади

Оғрийдиган тишлар овқатни яхшилаб чайнашга имкон бермайди ва улар шу ҳолатда ошқозонга киради. Бу ҳазм қилишни қийинлаштиради, ошқозон-ичак трактининг умумий ҳолатига ёмон таъсир қилади ва метаболик касалликларга олиб келиши мумкин.

Ошқозон-ичак тракти касалликлари хавфи ортади

Тишлар ўз вақтида даволанмаса, периодонтит ривожланиши мумкин — бу касаллик юмшоқ тўқималарга таъсир қилади ва тишларнинг тушишига олиб келади. Периодонтитни келтириб чиқарадиган инфекция иммунитет тизимини жиддий равишда бузиши ва ошқозон-ичак тракти касалликларининг ривожланишига олиб келиши мумкин: гастрит, ошқозон ва ўн икки бармоқли ичак яраси, панкреатит ва бошқалар. Айтганча, агар тиш ўз вақтида олиб ташланмаса, периодонтитнинг ривожланиш эҳтимоли ортиб бораверади.

Қандли диабет ривожланиши мумкин

Милк қанчалик яллиғланган бўлса, қондаги қанд миқдори шунчалик юқори бўлади. Бу организмдаги ҳолатлар ўртасидаги боғлиқлик бир нечта йирик тадқиқотлар томонидан тасдиқланган. Бундан ташқари, худди шу тадқиқотлар тиш ва милкни даволашдан сўнг қондаги глюкоза даражаси нормал ҳолатга қайтганини тасдиқлади.

Ҳомила тушиши хавфининг ортиши

Ҳомиладорликни режалаштираётган аёлларга оғиз бўшлиғининг ҳолатини диққат билан ўрганиш ва даволанишни тавсия этилиши бежиз эмас. Касал тиш ва милкда ҳосил бўлган инфекциялар ҳомиланинг ривожланишига таъсир қилиши ва тушиш хавфини 7 баробарга ошириши мумкин.

Юрак ва қон томирлари хавф остида

2021 йили чоп этилган тадқиқот шуни тасдиқладики, юрак саломатлигини том маънода тишлар билан башорат қилиш мумкин. Ҳар бир даволанмаган тиш юрак хуружи хавфини икки баравар оширади. Бундан ташқари, носоғлом тишлар инсульт, юрак хуружи, юрак етишмовчилиги ва юрак ишемик касаллиги хавфини оширади. Бундан ташқари, тишларда ривожланадиган инфекциялар қон томирлари деворларининг яллиғланишига ва қон қуйқаларининг шаклланишига олиб келиши мумкин.