Қандли диабет яширин тарзда ривожланиши мумкин. Жараённи вақтида аниқлаш учун нималарга эътибор бериш керак? «Новий очаг» нашри қуйида ушбу саволга жавоб берди.

Фото: «Новий очаг»

Кўпинча, иккинчи тоифа қандли диабет эътиборга олинмайди, шунинг учун унинг аломатларини дастлабки босқичларда ўтказиб юбориш осон. Аксарият инсонлар ҳатто ушбу касалликнинг тобора жиддийлашиб боришидан шубҳаланмайди.

Нима учун иккинчи тоифа қандли диабет хавфли?

Иккинчи тоифа қандли диабет нима? Оддий қилиб айтганда, бу қондаги глюкоза миқдорини кескин кўтарилишига олиб келадиган касалликдир. Организмдаги ортиқча шакар муаммога олиб келиши мумкин, шунинг учун диабетнинг биринчи белгиларини кузатиш жуда муҳимдир. Ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатиш ва турмуш тарзини ўзгартириш туфайли диабетни жиддий ва нохуш оқибатлардан қочиб, назорат остига олиш мумкин.

Қандли диабетнинг иккинчи тоифаси кенг тарқалган касалликдир. Биргина Америкада 30 миллионга яқин инсонлар ундан азият чекмоқда, яна 84 миллион киши қанд касалига чалинган. Қандли диабетда одамларда қондаги қанд миқдори барқарор равишда кўтарилади, аммо шифокорлар бу ҳолатни қайтариб бўлмайдиган, касалликнинг ўзи эса тўлиқ шаклланган деб ҳисобламайди. Бироқ турмуш тарзини ўзгартирмаслик ва даво чораларини кўрмаслик ортидан диабет кейинги босқичларга ўтади — биринчи белгилар тахминан беш йил ўтиб намоён бўлади.

Тез-тез пешоб чиқариш

Қонда қанд миқдори юқори бўлса, буйраклар ортиқча глюкозани чиқариб ташлаш учун ишлайди. Шунинг учун диабетга чалинган одамларда тез-тез пешоб чиқариш истаги, айниқса кечаси кучаяди.

Кучли чанқоқ

Иккинчи нуқта тўғридан-тўғри биринчиси туфайли келиб чиқади. Тез-тез пешоб чиқариш бутун организмнинг сувсизланишига олиб келади ва бу чанқоқ ҳисси пайдо бўлади. Бундай ҳолатда одамлар кўп сув ичишига қарамай, организмда одатда етарли суюқлик бўлмайди. Шуни қўшимча қилиш керакки, сувсизланиш кўпинча электролитлар — калий, магний ва бошқа минераллар етишмаслиги билан бирга кузатилади, улар пешоб билан бирга организмни тарк этади.

Доимий очлик ҳисси

Нафақат чанқоқ, балки доимий очлик ҳам иккинчи тоифа диабетнинг белгиси бўлиши мумкин. Овқат ҳазм қилиш тизими озиқ-овқатни оддий шакарга (глюкоза) айлантиради, кейин эса организм ундан ёқилғи сифатида фойдаланади. Қандли диабет билан касалланган одамларда қон оқимидаги глюкоза ҳужайра деворларига кира олмайди. Натижада ҳатто тўйимли овқатдан кейин ҳам диабетга чалинган одамлар доимо очликни ҳис қилади.

Мунтазам чарчоқ ҳисси

Иккинчи тоифа диабетда глюкозанинг самарасиз парчаланиши ва сўрилиши организм тўқималарининг оч қолишига олиб келади. Бу доимий чарчоқ ва ҳолсизликка сабаб бўлади.

Кўриш билан боғлиқ муаммолар

Қондаги шакарнинг ортиқча миқдори қон томирлари ва капиллярларга зарар етказади, уларнинг деворлари янада мўртлашади. Бу орқали кўздаги қон томирлар шикастланади, кўриш қобилияти ёмонлашади. Айтиш жоизки, муаммо бир кўзда ёки иккаласида бир вақтнинг ўзида пайдо бўлиши мумкин. Агар диабетни вақтида даволаш бошланмаса, вақт ўтиши билан кўриш қобилияти бутунлай йўқолиши ҳам мумкин.

Тузалиш тезлигининг пасайиши

Одатда катта шикастланишдан ҳам кўра кичик яралар тезда тузалиб кетиши керак. Аммо ушбу жараён давомийлиги ортади. Буларнинг барчаси худди шу сабабга кўра содир бўлади, қон томирлари ва капиллярларнинг деворлари қондаги шакарнинг кўплигидан азият чекади, организм эса тикланиш учун етарли ресурсларга эга эмас. Яранинг секин битиши юқори даражада инфекция хавфи билан боғлиқ.

Оёқ ва қўллар увишиши, томир тортишиши ёки оғриқ

Қонда шакар миқдори қон айланишига таъсир қилади, натижада асаб тугунларига зарар етказади. Иккинчи тоифа диабет билан оғриган одамларда бу бармоқлар ёки оёқ-қўлларда оғриқ, увишиш ва томир тортишиши ҳисси пайдо бўлишига олиб келади. Кўпинча бу оёқларда намоён бўлади. Бу ҳолат нейропатия деб аталади ва бошқа аломатлар каби вақт ўтиши билан ёмонлашиши мумкин.

Тери рангининг қорайиши

Баъзи жойларда тери қалинлашиши ва ранги ўзгариши мумкин. Одатда бўйин, қўлтиқ, қорин бўшлиғидаги тери, бўғим ва тирсаклар қораяди. Ушбу жойлар жуда юмшоқ бўлгани учун ҳам терида ўзгариш юз беради.

Қичишиш ва замбуруғ 

Қон ва пешобдаги ортиқча глюкоза замбуруғ ва бошқа инфекциялар учун озуқа бўлиб хизмат қилиши мумкин, бу эса ўз навбатида барча турдаги инфекцияларга олиб келади. Замбуруғлар иссиқ, нам жойларни яхши кўради. Ортиқча вазнли инсонларда инфекция терининг бурмаларига жойлашади. Муаммоли жойлар одатда яллиғланади ва қичишади, турли тошмалар пайдо бўлади.

Нима учун қандли диабетга вақтида ташхис қўйиш муҳим?

Қандли диабетни даволаш қанчалик тез бошланса, кейинроқ камроқ асоратларга дуч келиш мумкин. Турмуш тарзи ва рационни ўзгартириш, қондаги глюкоза даражасини назорат қилишни бошлаш керак бўлади, аммо иккинчи тоифа диабетни етарлича ҳаракат билан назорат қилса бўлади. Агар сиз касаллик вақтида аниқланса, жараённи бутунлай орқага қайтариш мумкин.

Даволашларсиз диабет бутун организмга катта таъсир кўрсатади, бу соғлиқ ва ҳаётни хавф остида қолдириши мумкин. Қандли диабет билан оғриган одамларда кўпинча қуйидаги касалликлар ривожланади:

  • юрак муаммолари;
  • инсульт;
  • асабларнинг шикастланиши;
  • оёқ муаммолари;
  • буйрак касаллиги;
  • кўрлик.