Кундалик одатлар бош оғриғига сабаб бўлиши мумкинлигини биласизми? Бу нафақат кундалик тартиб ва ​​рационга, балки сув истеъмоли ёки компьютер билан боғлиқ, деб ёзади Marie Claire.

Фото: Marie Claire

Доимий стресс

Стресс энг кенг тарқалган мигрен қўзғатувчиларидан бири деб аталади. Ишда узоқ вақт ишлаш ёки стрессни келтириб чиқарадиган бирор нарса бўлиши мумкин. Улар бош оғриғини қўзғатади ёки кучайтириб юборади. Баъзида антидепрессантлар ва психотерапия стрессни камайтиришга ёрдам беради. Стрессни бошқаришни ўрганиш ва организмнинг унга бўлган муносабати — ундан бутунлай халос бўлишга уринишдан кўра амалийроқдир. Медитация, ёга ва прогрессив дам олиш усуллар каби стрессни енгиллаштирадиган машғулотларни синаб кўриш лозим.

Нотинч уйқу

Жуда кам ёки кўп уйқу мигренга олиб келиши мумкин. Агар дам олиш кунларида ҳам доимий уйқу жадвали сақланса, бу соғлиқ учун фойдали бўлади. Шунингдек, уйқу сифати ҳам муҳим. Оддий ечим — ётишдан олдин гаджетлардан фойдаланмаслик, чунки уларнинг нури уйқуга салбий таъсир ўтказади. Бундан ташқари, ётишдан уч соат олдин овқат емаслик ва спиртли ичимликлар ичмаслик лозим.

Озиқ-овқат ва суюқлик етишмаслиги

Жуда оч қолиш натижасида гипогликемия ёки қонда шакар пасайиши мумкин. Бўш ошқозон қон томирларининг кенгайишига ёки спазмга олиб келади, бу эса мигренни қўзғатади. Бундан ташқари, очлик ҳисси организмдаги стресс даражасини ҳам оширади. Суюқликни етарли даражада истеъмол қилиш ҳам муҳимдир. Сувсизланиш паст қон босимига олиб келиши мумкин, бу ҳам мигренга сабаб бўлади, шунинг учун сув ичишни унутмаслик керак. Суюқликни сақлаш, шунингдек, мигрен ёки ундан кейин тез-тез пайдо бўладиган чарчоқ билан курашишга ёрдам беради.

Зарарли маҳсулотлар

Кофеин, қўшимча таъм берувчилар (масалан, аспартам), шоколад, соя, пишлоқлар ва колбаса каби баъзи маҳсулотлар мигренга олиб келиши мумкин. Спиртли ичимликлар, айниқса қизил шароб ҳам худди шундай таъсирга эга. Бироқ бир вақтнинг ўзида жуда кўп маҳсулотлардан воз кечиш яхши эмас, чунки  маълум бир қўзғатувчини аниқлаб олиш зарур. Зарарли маҳсулотларни эса имкон қадар камроқ истеъмол қилиш тавсия этилади.

Компьютердан кўзойнакциз фойдаланиш

Электрон экранларнинг ёруғлиги ҳам мигрен билан оғриганларни безовта қилиши ва оғриқни қўзғаши мумкин. Мобил телефонлар ва планшетлар ёрқинлигини пасайтириб фойдаланиш ёки махсус кўзойнаклар тақиш керак. Айтганча, муаммо фақат ёруғликда эмас. Ушбу қурилмалардан фойдаланганда нотўғри туриш ҳам оғриқни келтириб чиқаради, шунинг учун уларни кўз даражасида етарлича баланд тутишга ишонч ҳосил қилиш ва бўйин пастга эгилиб қолмаслиги лозим. «Одамлар менга доимо бўйин ва елка муаммолари билан мурожаат қилади, бу эса уларнинг бош оғриғига сабаб бўлади»,— дейди Бостондаги Массачусетс умумий касалхонасининг бош оғриғи ва нейропатик оғриқлар бўлими бошлиғи, невролог Хинлин Ченг.

Ўткир ҳидларга ҳаддан ташқари берилиш

Мигрен билан оғриганларга нафақат экран ёруғлиги, балки баланд товуш ва ўткир ҳидлар ҳам таъсир қилади. Атир ва лосионлардаги жуда ўткир ҳидлар ҳам бош оғриғини қўзғаши мумкин. Бу каби таъсирчан одамларга одатда атир дўконларига бориш тавсия этилмайди.

Тишларни ишқалаш

Уйқуда тишларни ишқалаш жағ оғриғига олиб келиши ва бу бош оғриғи ёки мигренни келтириб чиқариши мумкин. Баъзида одамлар стресс натижасида бу каби муаммоларга дуч келади. Агар уйқу пайтида ёки кун давомида тишларни ишқалаш одати бўлса, шифокорга мурожаат қилиш лозим.