Тухум оқсилнинг ажойиб манбаи бўлиб, гўштдан фарқли ўлароқ, организм томонидан тезроқ ва осонроқ ҳазм бўлади ва қўшимча равишда бутун кун давомида энергия беради. Шунинг учун кўпчилик нонушта учун ёрма ёки сендвич ўрнига тухум истеъмол қилишни афзал кўради. Хўш, ушбу севимли маҳсулотнинг қандай фойдали ва зарарли томонлари бор? Elle нашри қуйида ушбу саволга жавоб берди.

Фото: Elle

Тухумнинг фойдали томонлари:

  • тухум истеъмол қилиш қон томирлари фаолиятини яхшилайди: чунки унда қон томирларини кенгайтирувчи аргинин мавжуд;
  • тухумда юрак-қон томир касалликлари хавфини камайтирадиган фолий кислотаси бор;
  • тухумда холин мавжуд бўлиб, у мияга ацетилхолин синтезида ёрдам беради (хотира ва ўрганиш учун жавобгар);
  • тухумни мунтазам истеъмол қилиш соғлом одамларда қон томир дисфункцияси ва яллиғланишнинг кучайиши хавфини туғдирмайди.

Тухумнинг зарарли томонлари:

  • қандли диабет билан оғриган одамларда холестерин даражасининг юқори бўлиш хавфи мавжуд (мутахассис билан маслаҳатлашиш зарур);
  • баъзида тухумни тез-тез истеъмол қилиш аллергик реакцияга олиб келиши мумкин;
  • тухумда B7 витаминининг сўрилишига тўсқинлик қиладиган авидин мавжуд.

Тез-тез тухум истеъмол қилиш натижасида организмда қандай ўзгариш юз беради?

Кунига 1-2 дона тухум истеъмоли унчалик зарар қилмайди, лекин кундалик рационда унинг миқдорини кўпайтириш холестерин миқдорининг ошишига олиб келади. Шунингдек, юрак уришининг тезлашишига ҳам сабаб бўлади. Шунинг учун мутахассислар кунига 1-2 дона тухумни нонуштага истеъмол қилишни тавсия қилади.

Тухумни қай тарзда истеъмол қилиш фойдали?

Тухум юмшоқ қайнатилганда яхши истеъмол қилинади. Ёки ундан омлет тайёрлаш мумкин. Фақат калорияси камроқ бўлиши учун товада камроқ ёғда қовурилиши керак.

Шунингдек, пиширишдан олдин тухумни ювишни унутмаслик лозим, чунки унинг юзасида кўплаб микроорганизмлар бўлади. Бундан ташқари, тухум харид қилингунича қаерда ва қандай шароитда сақланиши номаълум.