Эрон Инқилобий гвардияси Курдистон мухториятига туташган Ироқ билан чегарага зирҳли танклар жойлаштириб, қўшинлар юбормоқда. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

Фото: AP Photo

Эрон қуруқликдаги кучлари қўмондони Муҳаммад Пакпурга кўра, чегара қўшинларини кучайтириш «Ироқ Курдистонида жойлашган курд гуруҳларининг мамлакатга кириб келишининг» олдини олади. Теҳрон 24 ноябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотига Ироқдаги курд исёнчи гуруҳларига зарба бериб, ўзини ҳимоя қилишдан бошқа чораси йўқлигини маълум қилган.

«Инқилобий гвардия армиясининг зирҳли ва махсус бўлинмалари мамлакатнинг ғарбий ва шимоли-ғарбий чегаралари томон ҳаракатланмоқда. Бу Ироқнинг шимолий минтақасида фаолият юритаётган сепаратистик гуруҳларга алоқадор террорчиларнинг кириб келишининг олдини олишга қаратилган», — дейди генерал Пакпур.

Курд гуруҳи Эронда ҳижобни нотўғри ўрагани учун ҳибсга олинган ва ўлган Маҳса Аминининг ўлими туфайли бошланган норозилик намойишларини қўзғатишда айбланмоқда. Эрон сўнгги кунларда Ироқ шимолидаги курд қуролли гуруҳи базаларига икки марта ракета ва дронлардан зарбалар берган.

22 ноябрь куни Пакпур Эрон армиясининг «террорчи гуруҳ базалари» яқинидаги аҳолига операция пайтида жароҳатланмаслиги учун эвакуация қилишни маслаҳат берган.

Эрондан келган курд гуруҳлари Ироқ шимолидаги автоном Курдистон ҳудудларига жойлашган. Теҳрон уларни бир неча бор Аминининг Теҳронда аёллар учун кийиниш қоидаларини бузганликда айбланиб ҳибсга олиниши ортидан 16 сентябрь куни ҳибсда вафот этганидан кейин бошланган умуммиллий тартибсизликларни кучайтирганликда айблаган.

Эрондаги намойишларга нима сабаб бўлди?

Эронда намойишлар сентябрь ўрталарида, 22 ёшли Маҳса Аминийнинг ўлимидан кейин бошланди. Полиция уни Теҳронда метродан чиқиш чоғида ҳижобни нотўғри ўрагани учун ҳибсга олган.

Кейинроқ Аминийнинг акаси маълум қилишича, полициячилар у билан «қайта тарбиялаш» ишларини ўтказишга ваъда берган. Полиция участкасидан қиз тез ёрдам машинасида олиб кетилган. Шифокорлар қизда юрак хуружи ва инсульт юз берганини билдирган, у бир неча кундан кейин вафот этган. Эрон полицияси бахтсиз ҳодиса юз берганини даъво қилмоқда.

Эрон ҳукумати фикрича, норозиликлар «ислом режимини заифлаштириш бўйича душман стратегияси»нинг бир қисмидир, мамлакат армияси эса намойишлар фонида «душманларга қарши курашиш» ва хавфсизликни таъминлаш ниятида.

Эрон олий етакчиси Али Хоманаий намойишлар «оддий эронликлар» томонидан ўтказилмаётганини, балки олдиндан режалаштирилганини айтганди, шунингдек, у АҚШ ва Исроилни тартибсизликларни ташкиллаштиришда айблаган.

Ўз навбатида, Эрон ҳукумати тартибсизликларга алоқадор олти кишини ўлимга ҳукм қилган.