Гана ҳукумати нефть маҳсулотларини АҚШ доллари ўрнига олтин билан сотиб олиш бўйича янги сиёсат устида ишламоқда. Бу ҳақда мамлакат вице-президенти Маҳамуду Бавумияга таяниб, Al Jazeera хабар берди.

Фото: Mozambique Mining

24 ноябрь куни эълон қилинган чора седини (Гана пул бирлиги) заифлаштирадиган ва яшаш нархини оширадиган нефть импортчиларининг долларга бўлган талаби билан биргаликда валюта захираларининг қисқариши муаммосини ҳал қилишга мўлжалланган.

Гананинг ялпи халқаро захиралари 2022 йил сентябрь ойи охирида тахминан 6,6 миллиард долларни ташкил этди, бу уч ойдан камроқ импортни қоплашга тўғри келади. Ҳукумат маълумотларига кўра, кўрсаткич 2021 йил охиридаги қарийб 9,7 миллиард доллардан кам бўлган.

«Агар 2023 йилнинг биринчи чорагида режа амалга ошса, янги сиёсат тўлов балансимизни тубдан ўзгартиради ва валютамизнинг қадрсизланишини сезиларли даражада камайтиради»,  — дейди Бавумия.

Олтиндан фойдаланиш валюта курсининг ёқилғи ёки коммунал хизматлар нархларига тўғридан-тўғри таъсир қилишига тўсқинлик қилади, чунки маҳаллий сотувчилар нефть маҳсулотларини импорт қилиш учун валютага эҳтиёж сезмайди.

«Олтинни нефтга алмаштириш катта таркибий ўзгаришларни англатади», — дейди Гана вице-президенти.

Таклиф этилаётган сиёсат ноодатий. Гарчи мамлакатлар баъзан нефтни бошқа товарларга алмаштирсалар ҳам, бундай битимлар одатда нефть ишлаб чиқарувчи мамлакатни нефть бўлмаган товарларини қабул қилишни ўз ичига олади.

Гана хом нефть ишлаб чиқаради, аммо 2017 йилдаги портлашдан кейин ягона нефтни қайта ишлаш заводи ёпилганидан бери импорт қилинадиган нефть маҳсулотларига таянади.

Бавумиянинг баёноти Ғазначилик котибининг ўсиб бораётган қарз инқирозини ҳал қилиш учун харажатларни қисқартириш ва даромадларни оширишни эълон қилгани фонида янграган.

24 ноябрь куни Гана парламентида 2023 йилги бюджет тақдимотида ғазначилик котиби Ғарбий Африка давлатида қарз инқирози хавфи юқори экани ва седининг қадрсизланиши Гананинг давлат қарзини бошқариш қобилиятига жиддий таъсир кўрсатиши ҳақида огоҳлантирган.

Маълумот учун, олтин Ганада энг кўп тижорат мақсадларида қазиб олинади ва у мамлакатдаги фойдали қазилмаларнинг тахминан 95 фоизини ташкил қилади.