IT Park ўз саҳифаларида янги «IT Парк юзи» рукнини йўлга қўйди. Бунда IT соҳаси ривожига улкан ҳисса қўшаётган ходимлар ҳақида сўз олиб борилади. Рубриканинг биринчи қаҳрамони эса IT Park Жиззах филиали вилоят таълим бўлими менежери Сарвиноз Ҳакимова.

Фото: IT Park

Сарвиноз 22 ёшда. У Жиззах шаҳридаги тиббиёт коллежини тамомлаган, ҳозирда Давлат педагогика университетининг «Мактаб бошқаруви» йўналиши «Педагогика ва психология» факультетининг 4-курс талабаси.

У IT Park’нинг Жиззах филиалида 2020 йил октябрь ойидан бошлаб ишламоқда. Унинг сўзларига кўра, ўз она шаҳрида шундай ташкилот бўлими очилаётганини билиши заҳотиёқ унда бу ерда ишлаш иштиёқи пайдо бўлган.

IT Park Жиззах филиалига биринчи ташрифим жуда ажабтовур бўлди: мен у ерга бориб, шу ерда иш кераклигини айтдим. Аввалига ҳамма ҳайрон бўлди, лекин амалиётчи сифатида қабул қилишди. Икки ой давомида администратор, кейин Жиззахдаги IT марказда менежер бўлиб ишладим. Олти ойдан кейин вилоят таълим бўлими бошлиғи этиб тайинландим.

Энди қаҳрамонимизнинг вазифаси юқори самарали IT курсларини яратиш ва уларни бутун вилоят бўйлаб жорий этишдир. Бундан ташқари, Сарвиноз ҳамкасблари билан биргаликда ёш фрилансерларга ўз стартапларини йўлга қўйишлари учун шароит яратиб бермоқда.

Нега айнан IT Парк?

Мана икки йилдан бери Сарвиноз Жиззах филиалида тиним билмай ишлаб келмоқда. У ўз ишини севишини, лекин бошида осон бўлмаганини сўзлаб берди.

Бу бутунлай янги соҳа бўлгани учун дастлаб нима қилиш, қайси йўналишда ҳаракатланиш-у, бизни нималар кутаётганини билмасдик. Ўз йўлимизни яратдик. Биз учун шундай мураккаб лойиҳалардан бири «Future skills Uzbekistan» эди. Ғоя ажойиб эди: яъни биз вилоят бўйлаб кам таъминланган оилалардан 18 ёшдан 35 ёшгача бўлган 100 нафар кишини ўқитишимиз керак эди. Натижалардан мамнун бўлдик: кўплаб битирувчиларнинг ишга жойлашишида ёрдам бердик.

Сарвиноз IT Park томонидан аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш йўлида улкан ишлар қилинаётганидан ва бундай ўзгаришларнинг бир қисми эканлигидан хурсанд. Рукн меҳмони эътироф этганидек, жамоа ёшлардан иборат, шунинг учун ҳамма бир-бирини бир оғиздан тушунади, баъзида тушунмовчилик ва тортишувлар юзага келса ҳам, улар янги лойиҳалар учун ғояга айланади.

Энди, IT Park у учун ҳақиқий оилага айланди.

IT Park — бу катта, дўстона кўп миллатли оила. Кўпчиликмиз, лекин ҳар бир ходимнинг ўз вазифаси бор, худди оиладаги каби. IT Park филиаллари ва IT марказларини очишни бошлаганида, биз бутун мамлакат бўйлаб ёшларга ёрдам бера олишимиз мумкинлигидан хурсанд бўлдим. Ходимларнинг ҳар бири дунё ривожига ўз ҳиссасини қўшишга интилаётгани жуда ажойиб. Барчамизнинг ягона мақсадимиз — соҳани ривожлантириш. Ушбу ўй-фикр бизни ҳар куни эрталаб уйғониб, ўз вазифамизни бажаришга, ҳаракат қилишга ундайди. Ва, албатта, IT Park бу ҳаёт тарзидир, усиз мен ўзимни энди тасаввур қила олмайман.

Билимга чанқоқ, журъатли ёшларнинг келаётгани эса уни янада фаолроқ ишлашга илҳомлантиради.

Курсларга келиб, аввалига нима истаётганини билмай, бир ой ёки ундан кўпроқ вақт ўтгач, ўз фикрлари билан келиб, ёрдам сўраб келаётган ёш қиз-ўғилларнинг чеҳраларини кўриш жуда қувонарли. Қолаверса, улар ўз лойиҳалари ҳақида шундай ишонч билан гапирадиларки, гўё улар бу соҳада 10 йилдан бери ишлаб, маҳсулоти муваффақиятли бўлишини аниқ билгандек. Уларнинг ўсаётганликлари орқасидан кузатишни яхши кўраман. Мен каби ёшларнинг ўзига бўлган ишончи ва муваффақияти мен учун энг катта мотивация.

Ўзбекистоннинг IT соҳаси ҳақида қандай фикрдасиз?

IT соҳаси Ўзбекистонда энг фаол ривожланаётган соҳа, дейди Сарвиноз ишонч билан. Унинг таъкидлашича, тараққиёт шу суръатда давом этса, Ўзбекистон соҳада етакчилардан бирига айланади.

Ўзбекистон IT хизматлар экспорти бўйича етакчи давлатлар қаторидан жой олишига ишонаман. Кейинги йилларда мамлакатимизда АКТ соҳасига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳар куни IT соҳасида қандайдир тадбир ёки мусобақа юз беради. Мен вилоят таълим бошлиғи сифатида ҳар сафар амин бўламанки, ҳар бир туманда IT марказларини очиш ташаббуси, таъбир жоиз бўлса, «Айтишниклар армияси»ни яратишнинг энг самарали усули бўлган. Малакали мутахассислар кўпайиб бормоқда ва бу глобал IT майдонига чиқишнинг энг тезкор ва ишончли йўлидир.

Қаҳрамонимизнинг таъкидлашича, ушбу соҳа ривожида IT Park’нинг ўз ҳиссаси мавжуд: бир томондан, Junior-дастурчилар ёки дизайнерларни тайёрлаб, уларнинг кейинчалик фрилансерликда ёки маҳаллий IT-компанияларда ўз ўрнини топишига кўмаклашаётган самарали ўқув курслари бўлса, иккинчи томондан, аутсорсинг йўналишидаги имкониятлар.  

Ёшлар IT технологияларидан ташқари чет тилларини ҳам ўрганишни бошлаганидан жуда хурсандман. Ўзбекистонда IT соҳаси ривожлана бошлаган заҳоти одамлар фақат маҳаллий компаниялар билан ишласа, узоққа бормаслигини англаб етди. Мен буни катта плюс деб биламан, чунки бу соҳани ривожлантириш ва такомиллаштириш учун тўғридан-тўғри йўлдир.

Севимли машғулотингиз, орзуларингиз ҳақида сўзлаб берсангиз

Сарвиноз китоб мутолаа қилишни яхши кўради. У бўш вақтини ўз устида ишлашга ва жаҳон тарихига оид адабиётларни ўқишга сарфлайди.

Мен «Келажак етакчилари» клуби аъзосиман, жаҳон тарихи, хусусан, геосиёсатга жуда қизиқаман. Биз «Жиззах клуби» аъзолари «Геополитик Таҳлил» лойиҳасини яратдик. Биз ҳар 2-3 ҳафтада учрашамиз. Учрашувлар давомида геосиёсатни ўрганамиз, турли мавзуларни муҳокама қиламиз ва ҳатто дебатлар ўтказамиз.

Бундан ташқари, Сарвиноз менежмент, хусусан, ижтимоий-иқтисодий тизимлардан фойдаланиш ва назорат қилиш учун энг самарали ишланмалар ва яратишга қизиқади.

Энди менинг энг катта орзуим ва мақсадим — Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясига ўқишга кириш. Давлат бошқарувини ривожлантиришга ҳисса қўшмоқчиман. Яна бир орзуйим — МБА даражасини олиш. Ва мен муваффақиятга эришишимга ишонаман!