30 ноябрь санасига боғлиқ диққатга сазовор воқеалар қаторидан ДНК намуналари орқали аниқланган АҚШ тарихидаги энг қонхўр қотил, расман якунланган «Саҳродаги бўрон» операцияси ҳамда Греция—Италия уруши ногиронларининг отиб ташланишига оид фактлар ўрин олган.

ДНК намуналари орқали аниқланган серияли қотил

2001 йил 30 ноябрь куни АҚШ тарихидаги энг қонхўр серияли қотил Гери Риджуэй ДНК таҳлили натижасида ҳибсга олинган эди. У 1980 йиллар бошидан 1998 йилга қадар ёш аёллар ва қизларга нисбатан даҳшатли жиноятларни содир этган.

Фото: Timeтоаст

Маняк қурбон сифатида асосан енгил табиатли аёлларни танлаган, улар билан жинсий алоқа ўрнатиб, кейин бўғган — аввалига қуруқ қўллари билан, кейин эса арқон билан. Серияли қотил кийим-кечак ва тақинчоқларсиз яланғоч аёлларнинг жасадини Грин-Ривер дарёси қирғоғига қолдириб кетган. Шунга қарамай, 2001 йилнинг кузида қўлга олинган. Гери Риджуэй 71 кишини ўлдирганини тан олган, бироқ полиция уларнинг 49 тасини исботлаб бера олган.

Гери Юта штатидаги Солт-Лейк-Сити шаҳрида 1949 йил февралда дунёга келган. Герининг болалиги онасининг характери оғирлиги учун қийин кечган. Шу сабабли бўлажак маняк оилавий можароларни кузатишга тез-тез мажбур бўлган. Кейинроқ Гери Риджуэй онасига нисбатан нафратни ҳис қила бошлаган.

Мактабда ўқиш даврида Гери алоҳида билими билан ажралиб турмаган. Бундан ташқари, унинг синфдошларини аксарияти Гери анча ёпиқ йигит бўлганини таъкидлаган. 16 ёши у 6-синф ўқувчисига пичоқ билан шикаст етказган. Бу ишни Гери кимнидир ўлдиришни хоҳлаб қолгани сабаб амалга оширган.

Юқори синфга ўтгач, маняк кўнгилли сифатида флотга ёзилган. Армиядаги хизматини Вьетнамда ўтаб, жанговар ҳаракатлари иштирок этган. Икки марта оила қурган ва иккисида ҳам ажрашган. Хотинларидан бири 1975 йилда ўғил фарзанд дунёга келтирган ва у ҳозирда Сан-Диегода денгиз пиёдаси сифатида хизмат қилмоқда.

1982 йилдан 1998 йилга қадар маняк 49 кишини зўрлаб, ўлдирган. Полиция айнан шунча жиноятни исботлаб беришга муваффақ бўлган.

Фото: Timeтоаст

Риджуэй ўз жиноятларини Вашингтондаги Такома ва Сиэтл шаҳарларида амалга оширган. Бу асосан 1980/90 йилларнинг ёз ойларида содир бўлган. Қотил ўз қурбонларини асосан йўл бўйида турувчи енгил табиатли аёллар орасидан қидирган. Ўлдирган аёлларини яланғоч ва тақинчоқларсиз Грин-Ривер дарёси бўйига ташлаб кетгани учун «Грин-риверлик қотил» лақабини олган. Гери аёлларни ўз уйида, машина ёки одам йўқ жойларда ўлдирган.

Гери ўғлининг сурати ёрдамида аёлларнинг ишончига кириб олган. Кейин эса уларни ўзига ром этиб, қўллари билан бўғган. Қурбонларнинг аксарияти қаттиқ қаршилик кўрсатган. Қўлларида қолган чандиқлар сабаб эътиборга тушиб қолмаслик учун у арқондан фойдаланишни бошлаган. Эркак полицияни ўз таъқибидан адаштириш учун турли усуллардан фойдаланган. Ҳатто қурбонлари жасадларини нафақат дарё, балки ўрмонга ҳам ташлаб кетишни бошлаган.

1983 йилда енгилтак аёллардан бири полицияга Гери билан жинсий алоқа вақтида эркак уни бўғишга уринганини сўзлаб берган. Аёл қаттиқ қаршилик кўрсатиб, қочиб кетишга муваффақ бўлган. 1984 йилда маняк сўроқ қилинган ва полиграф тестидан тўғри ўтган. Бу эса уни гумонланувчилар қаторидан чиқаришга сабаб бўлган. Шундай бўлса-да, 1987 йилда унинг соч ва сўлаклари тадқиқот учун олинган. Ўтказилган таҳлиллар полицияга кейинги терговларида қўл келган.

Фото: Timeтоаст

1985 йилда маняк бир қиз билан учрашишни бошлаган ва уч йилдан кейин унга уйланган. Кейинчалик у журналистларда турмуш ўртоғи асосий вақтини уйдан ташқарида ўтказганини сўзлаб берган. Буни у ишда қўшимча юкламалар олгани билан изоҳлаб келган. Риджуэйнинг ўзи журналистларга бўлажак хотинини учратганидан кейин ваҳший жиноятларни амалга оширишга бўлган иштиёқи бироз сўнганини айтган.

Серияли қотил полиция томонидан 2001 йил 30 ноябрь куни ҳибсга олинган. Бунга ундан олинган намуналар ДНК экспертизасида қотилга тегишли эканини кўрсатгани сабаб бўлган.

Фото: Timeтоаст

Аввалига Гери фақат тўртта қотиллик иши бўйича айбланган. Кўп ўтмай рўйхатга яна уч нафар аёл қўшилган. Гери қўлга олинганидан икки йил ўтиб, унга 48 кишини ўлдириш бўйича айблов эълон қилинган. Бу манякни ўлим жазосига ҳукм қилиш учун етарли эди, шунга қарамай ҳукумат қонхўр қотил билан муросага борган. Чунки Гери умрбод қамоқ жазоси эвазига қолган қурбонларнинг жасадлари қаерларга кўмилганини айтиб берган.

АҚШ тарихидаги энг ваҳший маняк озод этилиш имкониятисиз 48 карра умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилган.

Расман якунланган «Саҳродаги бўрон» операцияси

1991 йилнинг 17 январь куни АҚШ бошчилигидаги Ироққа қарши коалиция «Саҳродаги бўрон» операциясини бошлаган бўлиб, у 1995 йилнинг 30 ноябрь куни расман якунланган эди.

Фото: AP Photo

1990 йилнинг ёзида Ироқ ва Кувайт ўртасидаги муносабатлар нефть нархи атрофидаги можаролар сабаб кескинлашган. 1990 йил 30 май куни Араб давлатлари саммитида Ироқ етакчиси Саддам Ҳусайн Форс кўрфазидаги айрим давлатлар «ОПЕК» белгилаганидан ортиқ нефть қазиб олишни бошлаганини, бу ўз навбатида бир баррель нефть нархининг 7 долларгача тушиб кетишига сабаб бўлганини маълум қилган. Саддам Ҳусайн ҳар бир баррель нефть нархининг бир долларга арзонлашуви сабаб Ироқ йилига 1 миллиард доллар йўқотаётганини таъкидлаган. Унинг фикрича, бу Ироқ иқтисодий шароитида «уруш очиш» эди. Ўша учрашувда Саддам гап қайси араб давлатлари ҳақида кетаётганини аниқ айтмаган.

15 июль куни Ироқ ташқи ишлар вазири Тариқ Азиз Араб Лигаси давлатларининг бош котибига 37 саҳифадан иборат меморандумни юборган бўлиб, унда Кувайт ва БАА нефтни ортиқча ишлаб чиқаришда айбланган. Бундан ташқари, ҳужжатда Ироқнинг Кувайтга қарши бошқа эътирозлари ҳам келтирилган.

1990 йилнинг 17 июль куни Саддам Ҳусайн баёнот билан чиқиб, Форс кўрфазидаги араб давлатлари нефть нархини назоратда ушлаш мақсадида Ироққа қарши фитна уюштираётганини билдирган. Эртаси куни Ҳусайн яна Кувайтни Румайладаги кондан ноқонуний нефть қазиб олишда айблаган ва Ироқ—Кувайт чегарасига ўз ҳарбийларини жойлаштирган. Ўз навбатида Кувайт Ироқни чегараолди ҳудудларни эгаллаб олиш ва нефть майдонларининг биридан ноқонуний фойдаланишда айблаган.

24 июль куни Миср президенти Ҳусни Муборак ўртадаги воситачи сифатида Кувайт, Ироқ, Саудия Арабистонига ташриф буюрган ва 25 июль куни Ироқ ва Кувайт музокаралар столига ўтиришга рози бўлганини маълум қилган. Музокара рози бўлган Ироқ куч ишлатмаслик талабидан воз кечмаган. 24 июль куни Кувайт билан жанубий чегараларга 30 минг ҳарбий хизматчи ва 200 та танк жойлаштирилган, бир ҳафтадан кейин бу ердаги ироқлик ҳарбийлар сони 100 мингга етган.

1990 йил 2 август куни маҳаллий вақт билан соат 02:00 да Ироқ Кувайтга бостириб кирган. Ҳужум вақтида Ироқ қўшинларининг сони 120 минг киши ва 350 та танкдан иборат бўлган. Кун якунига қадар Кувайтнинг деярли бутун ҳудуди Ироқ назорати остига ўтган. Мамлакатдаги 950 та нефть қудуқларининг 600 га яқини ироқликлар томонидан ёқиб юборилган, шунингдек, нефть қувурлари, нефть насослари, нефть терминаллари, нефтни қайта ишловчи асосий мажмуаларга зарар етказилган.

Фото: AP Photo

Эгаллаб олинган Кувайт бошқаруви Бағдод тарафдори полковник Ала Ҳусайн Алига топширилган — у «Кувайтнинг озод муваққат ҳукумати» ҳаракати раҳбари эди. 8 август куни ушбу ҳаракат Саддам Ҳусайнга мурожаат юборган: «Кувайт ўз ватани — буюк Ироқ таркибига қайтиши керак». Ушбу «илтимос» қаноатлантирилган, Ироқ Кувайтни ўзига 19-вилоят сифатида қўшиб олганини эълон қилган.

1991 йил 15 январь куни АҚШ президенти Жорж Буш «агарда сўнгги дақиқаларда дипломатик ўзгариш содир бўлмаса» Ироққа зарбаларни бериш бўйича директивани имзолаган. Эртаси куни Вашингтон вақти билан соат 19:00 «Саҳродаги бўрон» операцияси бошланган. Унинг мақсади БМТ Хавфсизлик кенгашининг 678-сонли резолюцияси орқали белгилаб берилган бўлиб, Ироқ ҳарбийларини Кувайтдан чиқариб юбориш бўлган.

АҚШ асосий эътиборни ҳаво ҳужумига қаратган, бу орқали Ироқнинг урушни давом эттириш имконияти тўхтатилиши керак эди. Кенг кўламли қуруқликдаги жангларни ўтказиш режалаштирилмаган, бироқ шу каби ҳолат ҳам кўзда тутилганди. АҚШ ва унинг иттифоқчилари 600 мингга яқин ҳарбий, 4 минг танк, 3,7 минг дала артиллерия қуроллари, 2 мингга яқин самолёт ва 100 дан ортиқ кемани Ироқ чегарасида жойлаштирган. Ушбу кучларнинг 80 фоизи АҚШга тегишли эди. Улар юқори аниқликда нишонларни ишғол этувчи замонавий тизимлар билан жиҳозланган.

Фото: AP Photo

«Саҳродаги бўрон» операцияси 41 кун давом этган ва у ўз ичига ҳаводан ҳужум (17 январдан 23 февралгача) ва ҳаво-ердан операцияларини (24-28 февраль кунлари) олган. 17 январь куни МҲC авиацияси Ироқ ва Кувайт ҳудудидаги объектларга кутилмаган ҳужумни амалга оширган. Дастлабки уч сутка давомида бошқарув пунктларига, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, тезкор-тактик ракеталар позициялари, авиабазалар, ядровий ва кимёвий объектларига зарбалар берилган.

1991 йилнинг 28 февраль тонгида АҚШ ташаббуси билан ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилган, 6 март куни эса тинчлик битими имзоланган.

Форс кўрфази зонасидаги уруш давомида Ироққа қарши бирлашган коалиция ўз олдига қўйган стратегик мақсад — Кувайтни Ироқ қўшинларидан озод этиб, унинг суверенитетини қайта тиклашга муваффақ бўлган. Аммо Саддам Ҳусайн режими ва Ироқнинг ҳарбий потенциали сақланиб қолган.

Фото: AP Photo

Ғарб мутахассисларининг баҳолашича, уруш давомида Ироқ қўшинларининг 60 минг аскари ҳалок бўлган, яраланган ва асирга тушган, 3,8 минг танк, 1,4 минг «БТР» ва «БМП», 2,9 минг қурол ва 360 та самолётидан айрилган. Коалиция кучларининг эса 300 нафар аскари ўлдирилган, 600 дан ортиғи яраланган ва 50 киши бедарак йўқолган. Шунингдек, 69 та жанговар самолёт ва 28 та вертолёт йўқ қилинган.

Тинч аҳоли орасида эса ҳалок бўлганлар сони 100—200 мингни ташкил этган. Ироқдаги 85 фоизга яқин саноат корхоналари яксон бўлган. Уруш ҳаракатлари оқибатида Ироқнинг нефтни қазиб олиш корхоналари жиддий зарар кўрган. 1990 йилда ишлаб турган 820 та қудуқдан 58 та қолганди.

Греция—Италия уруши ногиронларининг отиб ташланиши

1943 йил 30 ноябрь куни Афинада грек—итальян урушининг 283 нафар ногирони отиб ташланган эди. Акция босқинчи Германия ҳукумати томонидан маҳаллий коллаборационистлар ҳамкорлигида амалга оширилган. Қатл юнон қаршиликларига қарши кураш доирасида амалга оширилган «ногиронлар қирғини»нинг энг юқори чўққисига айланган.

Фото: Warалбум

1940 йилнинг 28 октябрь куни фашистлар Италияси Греция Албания ҳудуди орқали бостириб кирган. Греклар армияси ҳужумни қайтарган ва ҳарбий ҳаракатларни Албания ҳудудига кўчирган. Бу анфтифашист коалиция давлатларининг биринчи ғалабаси эди.

1941 йил мартда Италия армияси Албанияга яна бир ҳужум уюштирган, бироқ мутлақ омадсизликка учраган. Бу эса Германиянинг ўз иттифоқчисига ёрдам беришга мажбур этган. Германиянинг Грециайга босқини ўша йилнинг 6 апрель куни бошланган. Орадан уч кун ўтгач, греклар армияси иккига ажратиб юборилган — Шарқий Македониядаги дивизиялар гуруҳи қолган кучлардан изоляцияда қолган.

Шунга қарамай, греклар таслим бўлишни истамаган ва бу орқали немисларнинг ҳурматини қозонган. Ғалабага эришилганидан кейин немис генерал-фелдмаршали Вилгелм Лист ҳарбийларни асирга олишни истамасдан грек армияси қурол ва ўқ-дориларини топшириб, ҳарбий байроқларини ўзларида қолдирган ҳолда позицияни так этиши мумкинлигини маълум қилган. У ҳатто ўз аскар ва офицерларига грек аскарларига «чест беришни» буюрган.

Немислар Афинага кириб келган вақтда пойтахт госпиталларида 15 мингга яқин уруш ногиронлари даволанаётган эди. Уларнинг аксарияти яраланган, кўриш қобилиятини йўқотган, бироқ катта қисмининг оёқлари Албания тоғларида 1940—1941 йиллар содир бўлган урушда музлаб қолиши оқибатида кесиб ташланганди.

Фото: Warалбум

Урушда ҳалок бўлган биродарлари хотирасига ва грекларнинг итальянлар устидан ғалабасини нишонлаш мақсадида 2 минг ногирон афиналик талабалар билан бирга Номаълум аскар қабрига гулчамбар қўяди. Акция босқинчи немис расмийлари учун кутилмаган зарба бўлган ва итальянларнинг норозилигини келтириб чиқарган. 1942 йил 25 март куни ногиронлар оммавий, бироқ босқинчи давлат ҳукумати томонидан нишонлаш тақиқланган Греция инқилоби куни нишонлаган.

Ригас Фереос ва Эуммануил Ксантос қабрига гулчамбар қўйиш вақтида ногиронлар итальян отлиқ карабинерлари ҳужумига учраган. Уларнинг бир қисми ҳалок бўлган ва яраланган. 1942 йил 28 октябрь куни грек—итальян уруши бошланишининг қайта нишонланиши бу сафар немис мотоўқчилари ва итальян мотоциклчилари томонидан бостирилган. 1943 йил 23 февралдан бошлаб бутун Грецияда фуқаролик сафарбарлиги ва Германияга 90 минг грек ишчисини юбориш талабига қарши норозилик намойишлари ўтказилган.

Намойишларнинг кулминацияси 7 март куни Афинада юз берган — ўшанда 300 минг афиналик кўчаларга чиқиб, немис ва итальянлар билан тўқнашган, Меҳнат вазирлиги биносини эгаллаб олиб, у ердаги рўйхатларни ёқиб юборган. Тўқнашувлар оқибатида 46 нафар намойишчи ўлдирилган, юзлаб одам яраланган, бироқ сафарбарлик барбод қилинган.

Фото: Warалбум

Босқинчи ҳукумат ногиронлар билан боғлиқ муаммоларга нуқта қўйишга қарор қилади. 1943 йил 30 ноябрь куни соат 02:00 да «Ногиронлар қирғини» бошланган. Операцияга Варшава геттосини бостириш орқали «танилган» генерал Юрган Штроп бошчилик қилган. Госпиталлар жойлашган даҳалар «хавфсизлик батальонлари» томонидан қуршовга олинган. Ногиронлар шифохоналардан чиқарилиб, протезлари синдирилган, тиббиёт ходимлари калтакланган. Ҳодиса жойида ўлдирилган ногиронлар ҳақида маълумотлар йўқ, бироқ уларнинг 1,7 минг нафари «Хадзикостас» қамоқхонасига олиб келинган ва у ерда 283 киши отиб ташланган. Шундан кейин яна икки нафар ногирон қамоқхона камераларида отиб ўлдирилган.

«Кун хронологияси» лойиҳаси доирасида ҳар куни эрталаб соат 09:30 да ушбу санага боғлиқ энг муҳим ва қизиқарли воқеалар ёритиб борилади.