Германиянинг Uniper энергетика компанияси Россиядан келадиган газ танқислигидан кўрилган йўқотишларни қопламоқчи. У Стокгольмдаги халқаро арбитраж судига «Газпром»га қарши даъво аризаси билан мурожаат қилди. Бу ҳақда «Коммерсаннт» хабар бермоқда.

Фото: Bloomberg

Россия газини алмаштиришдан кўрилган жами йўқотишлар 11,6 миллиард еврога баҳоланмоқда, — дейилади Uniper компаниясининг матбуот хизмати хабарида. 

Пресс-релизда айтилишича, Uniper «Газпром»дан июнь ойидан бери Россия газининг қисқа етказиб берилиши туфайли йўқотишларни қоплашни талаб қилмоқда. 

Ўшанда Россия компанияси «Шимолий оқим» учун Siemens турбинасини қайтариш билан боғлиқ муаммолар туфайли етказиб беришни қисқартирган. 

Натижада компания мижозлар олдидаги мажбуриятларини бажаришда давом этиш учун қўшимча газ ҳажмларини қимматроқ нархда сотиб олишга мажбур бўлди.

Uniper етказиб бериш тўхтатилганидан кейин Россия газини алмаштириш учун камида 11,6 миллиард евро сарфлади. Компания 2024 йил охиригача қўшимча газ сотиб олиш нархи ошишини кутмоқда.

Биз суд жараёни давомида катта молиявий зарарни қоплашни талаб қиламиз. Гап «Газпром» билан шартнома бўйича келишилган, бироқ етказиб берилмаган ва шу сабабли ўта юқори бозор нархларида мажбуран сотиб олинган газ ҳажми ҳақида бормоқда. Бу ҳали ҳам давом этмоқда. Биз харажатларни ўз зиммамизга олдик, аммо улар бизнинг жавобгарлигимиз эмас, — дейди компания бош директори Клаус-Дитер Маубах.

Аввалроқ Германия ўзининг энг йирик табиий газ импортчисини миллийлаштираётгани ҳақида хабар берилган эди.