Нукус воқеалари бўйича Бухоро вилоятида давом этаётган суд мажлисидан «Ўзбекистон 24» каналининг «Менимча» дастурида репортаж эълон қилинди.

Унда, хусусан, оммага қизиқ бўлган қуйидаги саволларга аниқлик киритилди.

Суд иши нега айнан Бухорода бўлиб ўтяпти?

«Асосий сабаб ҳозирда Нукус шаҳридаги тергов ҳибсхонаси биносида капитал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, у ерда сақланган барча маҳбуслар Хоразм ва Бухоро вилоятларидаги тергов ҳибсхоналарига сақланиш учун юборилган. Кўрилаётган ушбу жиноят ишидаги судланувчиларнинг аксарияти Бухородаги ҳибсхонада сақланаётгани муносабати билан жараённи Бухоро шаҳри судида ўтказиш лозим деб топилган», — дейди Олий суд матбуот хизмати раҳбари Азиз Обидов.

Айбловларни ким тан олди/олмади?

Ҳозиргача 22 нафар судланувчининг 21 нафари ўз айбига тўлиқ иқрор бўлган бўлса, митингни уюштиришда етакчилик қилиб, пировардида ўзини Жўқорғи Кенгес раиси лавозимига тайинлашни мақсад қилган Даулетмурат Тажимуратов айбини қисман тан олган. «Одамлар ўлимида мен ўзимни айбдор ҳисобламайман», — дейди у.

1—2 июль кунлари Нукус шаҳридаги оммавий тартибсизликларда спортчиларнинг иштирок этишини таъминлаган ва Тажимуратовни елкасига ўтқазиб, Жўқорғи Кенгесни эгаллаш мақсадида олиб борган Азамат Турданов эса «Айбимизни тан оламиз, лекин бу ерга келишимизнинг асл сабабчиси Даулетмурат Тажимуратовнинг сепаратистик ғоялари ҳақидаги видеолари, халқ миясини заҳарлагани бўлди», — дея изоҳ берган.

Ушбу уюшган гуруҳга бирлашиб, ижтимоий тармоқлар орқали сепаратизм ғоялари билан йўғрилган, аҳолини оммавий тартибсизликка даъват қилувчи материалларни тарқатиб келган Лолагул Қаллиханова эса қуйидагича фикр билдирган: «Фарзандларидан айрилган одамлардан кечирим сўрайман. Мен иш бу даражага етади деб ўйламаган эдим. Мамлакат суверенитетига тажовуз қилиш ниятим бўлмаган. Айбимга чин дилдан пушаймонман».

Аввалроқ Европа Иттифоқи Қорақалпоғистонда июль ойи бошида юз берган фожиали воқеалар билан боғлиқ ҳаракатларда айбланаётган 22 нафар шахс устидан Бухоро шаҳрида ўтказилаётган суд жараёнини диққат билан кузатаётганини маълум қилганди.

Биз Ўзбекистон ҳукуматига жараённи жамоатчилик, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари учун очиқ ва шаффофлигини ҳамда бевосита тўғридан-тўғри трансляцияни таъминлагани учун миннатдорчилик билдирамиз ва жараённинг адолатли ҳамда холис бўлишига умид билдирамиз.

Биз ҳукумат фикрни эркин изҳор қилиш ва йиғилишлар эркинлиги бўйича, шу жумладан, GSP+ доирасидаги ўзининг мажбуриятларини бажаришга чақирамиз. 

Шунингдек, биз Қорақалпоғистондаги воқеалар бўйича тергов комиссиясининг ишлари натижасини яқин кунларда олишни сабрсизлик билан кутмоқдамиз ва ушбу натижалар жамоатчиликка эълон қилинишига умид қиламиз, — дейилган баёнотда. 

Мавзуга доир: