Ўзбекистон, Туркманистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Бобомурод Ҳамдамов 2022 йилда 82 ёшни қаршилади. Уни ҳеч иккиланмай бахтли ижодкор дейиш мумкин. Чунки у икки қардош давлат санъатида ўз ўрнини топган, ўнлаб ўлмас қўшиқларнинг муаллифига айланган ижодкор ҳисобланади.

Афсуски, сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда ижодкорнинг хасталаниб қолгани ҳақидаги видеолар тарқалди. «Дарё» мухбирлари устоз санъаткордан хабар олиб, унинг оила аъзолари билан суҳбат ташкиллаштирди.

— Қайнотам Бобомурод Ҳамдамов доимий давлат назоратида бўлади. Тиббиёт ходимлари келиб аҳволларидан хабардор бўлиб туришади. Бир ой аввал ҳам шифокор келиб, соғлиғини текширгандан кейин «Бобомурод Ҳамдамовни яна қачон кўраман», деб  эсдалик учун видеога олишган. Афсуски, видео ижтимоий тармоқларга тарқалиб кетган. Шифокордан нега бундай қилганини сўраганимда узр сўраб, «Телефондан қандай чиқиб кетганини билмай қолдим», деди. Аввалига кекса инсонни бу ҳолатда видеога олиб тарқатишгандан ранжидим. Аммо видеода ёмон ҳолат тасвирланмаган. Қайнотамнинг кайфиятлари яхши, қўшиқни мароқ билан ижро этяпти.

Қайнотам хаста эмас, ҳаммаси кексаликдан. Бу ёшда инсоннинг саломатлиги бирда яхши, бирда ёмон бўлади. 2019 йили умуртқалари синиб, операция бўлганди. Бунинг асорати ҳалигача сақланиб қолган. Боиси у пайтда карантин бўлгани учун тўлиқ даволанмаган. Бундан ташқари, 2015 йилдан буён  юришлари бироз қийинлашган.

Дадам барибир санъатнинг одами. Ҳар куни қўшиқ эшитмаса, ухлолмайди. «Соғайиб кетсам, яна концерт берамиз-а?» деб кўп сўрайди. Бу йил ҳам май ва август ойида концертларини ўтказдик. Етти йилдан буён концерт беришни орзу қиларди. Шу боис карантиндан аввал республика бўйлаб гастрол концертларини ўтказдик. Бу йилги юбилей концертни ўтказишимизда эса маданият вазири Озодбек Назарбековнинг ҳиссаси катта бўлди, — дейди Бобомурод Ҳамдамовнинг келини Наргиза Абдуқаюмова.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеога кўплаб мухлислар ўз фикрларини билдиришган. Улар орасида халқ артисти қариганда эътибордан четда қолибди, деган фикрлар ҳам бор.

Фото: «Дарё»

— Бу ҳақда гапиришни умуман истамаётгандим. Чунки 2020 йилдан буён оиламиздаги можаролар ҳеч кимга сир бўлмай қолди. Қайнотамнинг уй-жойлари қизлари томонидан ноқонуний ўзлаштирилгани учун тергов ишлари ҳали ҳам давом этмоқда. Фуқаролик суди қарори билан ҳовли-жой қизларига олиб берилгандан кейин ота чиқиб кетишга мажбур бўлди. У ерда ҳам қолишлари мумкин эди, аммо тўхтовсиз жанжаллар сабаб кетишни истади. Шу боис 6 ойдан буён ижара уйда яшашга мажбурмиз.

«Дом»да турамиз, хоналар тор. Оиламиз катта, шундай бўлса-да, имкон қадар дадамга шароит қилиб беришга ҳаракат қилганмиз. Битта хонада катта дастурхон ёзилган, чунки кунора республиканинг турли ҳудудларидан қайнотамнинг мухлислари келади.

Қайнотам ярим кечаси туриб, оғир хўрсинаётганини эшитиб, ёнларига келаман. «Дада, қаерингиз оғрияпти?» деб сўрасам «Кўзим очиқ кетадими? Ўғлим Шамсиддин болалигидан кечиб, 14 ёшидан буён ёнимда юриб, ҳалол меҳнати билан уй-жойга ўз ҳиссасини қўшган. Ўша уй-жойни ўғлимга атаб қургандим. Ниятларим бошқача эди. Фарзандимни кўчада қолдириб кетаманми?» деб хўрсиниб гапиради.

Аммо шароитимизни билмаган баъзи мухлислар кескин фикрлар ёзишади. Шуларни ўқиб, баъзан кўнглим оғрийди. Инсон эртаси кун нима бўлишини олдиндан билмас экан. Қайнотам ҳам 5-10 йил аввал кун келиб, шундай вазиятга тушишларини билмаган, — дейди Бобомурод Ҳамдамовнинг келини Наргиза Абдуқаюмова.

Мавзуга доир: 

Ўзбекистон халқ артисти Бобомурод Ҳамдамовнинг қизи унинг мол-мулкини ўз номига ўтказиб олди: Хонанда 81 ёшида кўчада қолиши мумкин