4 декабрь санасига боғлиқ диққатга сазовор воқеалар қаторидан Пермда болалар устига қулаб тушган бассейн томи, Москвада учувчилар айби билан ҳалокатга учраган самолёт ҳамда Финляндияга қарши урушда тинчлик битимини имзоламаган советларга оид фактлар ўрин олган.

Болалар устига қулаган бассейн томи

2005 йил 4 декабрь куни Перм ўлкасидаги «Трансваал» паркида содир бўлган фожиа оқибатида 10 нафар бола ва тўрт нафар катта ёшли инсон ҳалок бўлган, шунингдек, яна 18 киши жароҳат олганди.

Фото: «KP.ru»

Бу одатдаги якшанба куни эди. Қиш, музлама. Дзюдо секцияси ўқувчилари мураббий Николай Печенкин билан бирга бассейнга машғулот учун йўл олган. «Олдинлари болаларни кичик бассейнга олиб борардим. Бу сафар биринчи марта кичик гуруҳни катта бассейнда машқ қилдиришга қарор қилдим. Ўшанда болалар 10 ёшда эди, фақат Дима Ризов — 14 ёшда бўлган», — дея эслайди Николай.

Машғулотга фақат беш киши келган. Бир неча қиз кеч қолган ва улар бассейнга киритилмаган. 3-синф ўқувчиси бўлган Кристина сўнгги дақиқаларда улгуриб қолган, у «омадим келди», деб ўйлаган бўлса ажаб эмас. Бироқ эндиликда буни қизчадан сўрашнинг имкони йўқ…

Болалар дастлаб шўнғишни ўрганган. Кейин мураббий икки нафар бола — Дима Ризов ва Ваня Кузминни эркин усулда сузишга юборган. Ўзи эса йўлакда Лёша Неустроев, Кристина ва Дима Корякинлар билан қолган.

«Шу пайт чинқириқ эшитилди. Тепага қарасам, осма шифт қулаяпти. Секин-аста, худди секинлаштирилган сурат олиш жараёнларидек. Ортга ўгирилиб, болаларни тўсдим ва шифт бўлаги уларга тегмаслиги учун сув остига шўнғидик. Бирдан қоронғулик, ҳеч нарса кўринмай қолди. Нафас олиш имконсиз. Қўлимни юқорига кўтарсам, ҳаво йўқ — бошимиз узра бетон турарди», — дейди мураббий.

Қулаган плита Николай Печенкиннинг бошига бироз теккан, қўли эса чиқиб кетганди.

«Лёша сузишни давом эттириши учун уни олдинга итардим, Кристинага эса ёрдам бера олмадим, қўлим ўзимга бўйсунмасди. Бошида у ортимдан сузди, кейин уни эшитмай қолдим…», — дея эслайди Николай.

Қизчанинг жасадини кейинроқ қутқарувчилар топган. Мураббий олдинда кичик ёруғликни — қулаган доскалар орасидаги ёруғликни кўрган. Шу орқали у ташқарига чиқишга муваффақ бўлган.

Фото: «KP.ru»

Бассейн ҳавзаси улкан чиқинди идишга айланган. Унинг ичи бетон плиталар, арматура бўлакларига тўла эди. Тепадан қор тушишни давом этган. Ён томонда эса Дима Корякиннинг жасади ётарди — бассейнга қулаган плиталар тўлқини уни юзага чиқариб ташлаган ва у бошқа бир плита остида қолганди.

Шу куннинг ўзида вайрон бўлган «Дельфин» бассейнида тергов ишлари бошланган. Терговчилар бахтсиз ҳодиса томнинг асосий конструкцияси коррозияга учрагани сабаб юзага келганини аниқлаган. Вентиляция ишламаган ва хлор буғлари металлни «еб юборган». Бундан ташқари, бино томидан сув ўтган, нам босган иситгичлар оғирлашган ва бассейн ўртасидаги ферма ортиқча юкламани кўтара олмай қолган.

14 кишининг ўлими учун кимдир жавоб бериши керак эди. «Уралпромексперт» компанияси мутахассислари — Анна Акулова, Келсий Санников ва Алексей Швецов айбдорга айланган. Фожиадан 1,5 йил олдин «Дельфин»га эгалик қилувчи Чусов металлургия заводи уларга бассейнинг техник ҳолати экспертизасини буюртма қилган.

«Дельфин» бўйича текширувни Анна Акулова ўтказган. У бассейннинг асосий конструкциясини кўрган ва ўз раҳбарлари — муҳандис Алексей Швецов ва бош мутахассис Келсий Санниковга хулоса берган. Хулосада айнан нима дейилгани номаълум — компьютер экспертизасининг аниқлашича, ҳужжатларга ўзгартириш киритилган.

« ‘УралПрокЕксперт’ МЧЖ мутахассислари бассейннинг асосий конструкцияси ҳолати бўйича сохта маълумотли ҳисобот тақдим этган. Мулк эгаси бинода керакли таъмирлаш ишларини амалга оширмагани натижасида бассейн томи қулаб тушган», — дейилади айблов хулосасида.

Санников кексайгани (74 ёш) сабаб амнистияга тушган, Акулова эса судни кутмасдан мамлакатни тарк этган. Фақат Шевцов суд қилинган. Чусов металлургия заводидан жавобгар сифатида ҳеч ким жалб этилмаган. Бундан яқинларини йўқотган чусовликлар ғазабга миниб, суд биноси қаршисида митинг ўтказган. Бироқ бу ҳеч қандай натижа бермаган…

Алексей Шевцов

Фото: «KP.ru»

Натижада Алексей Шевцов 4 йилга озодликдан маҳрум этилган ва унинг 3 йил давомида қурилиш ишлари билан шуғулланиши тақиқланган.

Аввал бошида айбловчи томоннинг асосий гувоҳи Анна Акулова бўлган. У ўз раҳбариятини қулаш хавфидан огоҳлантиргани, аммо улар ҳисоботни ўзгартиргани ҳақида гапирган. Бироқ тергов Акуловани ҳам айбдор деб топган — у ҳисоботнинг ўз вариантини ўтказишга туриб олмаган.

Фото: «KP.ru»

Аёл прокуратурага чақирилганида у қочиб кетгани аниқланган. Анна Акуловага нисбатан халқаро қидирув эълон қилинган. У бир неча йилдан кейин Македонияда қўлга олиниб, Россияга экстрадисия қилинган. Бироқ Анна Москвага ҳомиладорликнинг олтинчи ойида етиб келган. Бу вақтга келиб ҳомиладор ва ёш болали аёлларга амнистия бериш тўғрисида қонун қабул қилинганди. Шу боис қочоқ афв этилган.

Экипаж аъзоси хатолиги сабаб ҳалокатга учраган самолёт

2010 йилнинг 4 декабрь куни Москва—Махачқалъа йўналиши бўйича учган South East Airlines авиакомпаниясининг «Ту-154М» самолёти экипаж хатолиги туфайли икки двигателнинг ишдан чиқиши оқибатида «Домодедово»га фавқулодда қўниш амалга оширган. Бироқ самолёт учиш-қўниш йўлагидан чиқиб кетиши натижасида бортда бўлган 171 кишидан 2 нафари ҳалок бўлган, яна 83 йўловчи жароҳат олган.

Фото: Wikipedia

«Ту-154М» самолёти 1992 йил 8 сентябрь куни «Авиакор» Самара авиация заводи томонидан ишлаб чиқарилган. Учта турбореактив двигатель билан жиҳозланган.

Фожиа рўй берган куни соат 14:14 дан 14:17 гача борт муҳандис авиаёнилғини «перекачка» қилган. Жараён давомида соат 14:15 да 5,8 минг метр баландликда авиалайнернинг 1 ва 3-двигателларга узатиш тизимида беқарорлик юзага келган. Соат 14:20 да экипаж двигателларнинг ишлаш режимини камайтиришга ва 9,1 минг метр баландликда қолишга қарор қилган. Орада икки дақиқа ўтиб, экипаж 1 ва 3-дивагателлар ишдан чиққани сабаб «Внуково» аэропортида қайтишларини диспетчерга билдирган.

Диспетчернинг таклифига кўра, самолёт яқинроқ аэропорт — «Домодедово»га йўналтирилган. Пастлаш вақтида штурман ўзбошимчалик билан учинчи двигатель ҳам ишдан чиққанини айтган, бу эса авиадиспетчерларда барча двигателлар ишдан чиққани тўғрисидаги тасаввурни юзага келтирган.

Фото: Wikipedia

Соат 14:23 да штурман йўналиш тизимлари ва генераторлар ишламаётгани тўғрисида билдирги беради. Бироқ мавжуд маълумотлар текширилганида, бу вақтда самолётнинг йўналиш тизими яхши ишлагани, генераторлар эса 2 дақиқа 23 сониягина ишламаганини кўрсатган. Соат 14:28 да ҳаво кемаси 3 минг метргача пастлаган, ёмон об-ҳаво шароитида кўп ўтмай учиш-қўниш йўлагига қўна бошлаган. Бироқ самолёт ундан чиқиб кетиб, чап томондаги нотекис рельеф билан тўқнашган — шассининг барча учта устуни ажралиб кетган, фюзеляж эса иккига бўлинган. Ҳаво кемасининг тумшуқ қисмига жиддий зарар етган, дум устунлари ҳам ажралиб тушган. Лайнер биринчи қўниш жойидан 1175 метр узоқликда тўхтаган.

Фожиа оқибатида салоннинг олд қисмида ўтирган икки йўловчи ҳалок бўлган — Доғистон президентининг укаси Гажимурад Магомедов ва Россия Конституциявий суди судьясининг онаси Гадиса Гажиева. Аввалига аёл 79 ёш бўлгани учун юрак хуружидан ўлгани айтилган, бироқ текширувларда унинг кўкрак қафасига кучли босим тушгани аниқланган. Шунингдек, самолёт бортида 55 ёшли аёл тобутда олиб кетилаётган бўлган, кўпчилик уни учинчи қурбон деб ўйлаган.

Бундан ташқари, умумий ҳисобда 83 киши жароҳат олган:

  • 6 йўловчи ва 2 нафар экипаж аъзоси — соғлиқ учун хавфли бўлган оғир тан жароҳати;
  • 13 йўловчи — ўртача оғирликдаги жароҳат;
  • 34 йўловчи ва 2 нафар экипаж аъзоси — енгил тан жароҳати;
  • 26 йўловчи — соғлиққа ҳеч қандай зарар етказмаган жароҳат;
  • 82 йўловчи ва 4 нафар экипаж аъзосига жароҳат етмаган.

Йўловчиларнинг эвакуация жараёни 58 дақиқа давом этган. Россия прокуратураси ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатган. Ҳалокатнинг дастлабки версияси сифатида экипаж хатолиги, самолётнинг техник носозлиги ва авиаёнилғининг сифатсизлиги илгари сурилган.

Фото: Wikipedia

2013 йил 4 октябрь куни Россия Тергов қўмитаси ҳаракат хавфсизлигини ва ҳаво транспортидан фойдаланиш қоидаларини бузиш бўйича айблов эълон қилган. 2015 йил 22 январь куни Домодедово шаҳар суди томонидан рейс командири Закоржа Закоржаев шартли равишда уч йилга озодликдан маҳрум этилган ва мамлакат конституциясининг 20 йиллиги муносабати билан афв этилган. Шунингдек, ундан жабрланувчилардан бирининг даъвосига кўра 300 минг рубль ундирилган.

Фото: Waralbum

1939 йил 4 декабрь куни совет ҳукумати Финляндиянинг тинчлик музокараларини бошлаш тўғрисидаги таклифини рад этганди. Бироқ орадан кўп ўтмай, 1940 йил 12 март куни тинчлик битими имзоланиши натижасида совет—фин уруши якунига етган.

1939 йил кузида СССР ва Финляндия ўртасида ҳудудий ён босишлар тўғрисида музокаралар ўтказилган. Совет Иттифоқи темир ва автомобиль йўллари ривожланган Карелнинг бир қисмига, Фин кўрфазидаги орол ва «Ханко» яриморолининг «ижараси»га даъвогарлик қилган. Бунинг ўрнига Финляндия майдон жиҳатидан катта, бироқ иқтисодий ва стратегик муносабатларда Карелиячалик аҳамиятли бўлган жойларни олиши керак эди: фақат ўрмон ва ботқоқликлар.

Совет томони бунга сабаб қилиб чегарани Ленинграддан узоқроққа кўчириш зарурлигини кўрсатган. Бироқ схема мазмун жиҳатида Болтиқ давлатлари билан ўзаро ёрдам битими каби бўлиб, охир-оқибат у ушбу давлатларнинг босиб олиниши билан якунланганди. Аммо финлар СССР босимига ён босмаган. Ўшанда Териокада (ҳозирги Зеленогорск) Финляндия «халқ ҳукумати» ташкил этилган бўлиб, унга Совет Россиясидан 1918 йилга қочган коммунист Отто Куусинен раҳбар этиб тайинланган. Дунёда ҳеч ким тан олмаган ушбу «халқ ҳокимияти» эса Қизил армиядан «ёрдам» сўраган.

Фото: Waralbum

1939 йил 30 ноябрь куни совет қўшинлари Финляндияга бостириб кирган. Ўша вақтда Молотов бу финлар «Майнила» қишлоғида жойлашган Қизил армияси ҳарбий қисмини ўққа тутганини баҳона сифатида келтирганди. Финлар эса ҳужум ўз давлатлари ҳудудидан амалга оширилиши мумкин эмаслигини исботлаб берган, ва «Майнила можаросини» Москва провакацияси деб атаган.

Қизил армиянинг жанговар ҳаракатларда иштирок этган қўшинлари сони финлардан 1,5 баробарга кўп эди: финларнинг 250 минг аскар ва офицери бўлса, босқинчи давлат қўшини — 425 минг кишини ташкил этган. Шунингдек, Қизил армия дивизияларининг қурол-яроқлари ҳам финларникидан беш баробар, самолётлари — 9 баробар кўп бўлган.

Финляндия қуролланишида фақатгина 32 та танк ва иккита зирҳли машина бор эди. Яна 30 га яқин танк Биринчи жаҳон урушидан қолган бўлиб, улар силжимайдиган жанговар нуқталарга жойлаштирилган. Россия давлат ҳарбий архиви маълумотларга кўра, қизил армия ихтиёрида 2289 та танк бўлган. Яъни «қишги уруш» аввалида Қизил армия катта устунликка эга бўлган. Шу сабабли Москва финларни бир неча кун ичида тор-мор келтиришга ишонган.

Аммо Қизил армия қаттиқ ва моҳир қаршиликка дуч келган. «Маннергейм чизиғи»ни кесиб ўтишга эришмаган. Совет контингенти 760 минг кишига қадар оширилганидан кейингина руслар муваффақиятга эриша бошлаган.

Совет тарихида урушнинг биринчи босқичи кучли музлама ва қор туфайли омадсизликка учрагани келтирилади. Аммо метеорологик маълумотлар буни рад этади. 1939 йил декабрда Кареляда ҳарорат +1 дан -23,4 даража оралиғида ўйнаб турган. Кучли қор ҳам 1940 йил январда ёғган. Бундан ташқари, музлама нафақат ҳужум қилаётганларга, балки ҳимояланаётганларга ҳам халақит беради.

Фото: Waralbum

Аслида «қишки уруш» уч ойдан ортиқ давом этган ва Қизил армиянинг катта йўқотишларига сабаб бўлган, чунки ўз ерларини босқинчилардан ҳимоя қилаётган финларнинг жанговар руҳияти жуда баланд бўлган, бунинг устида ўз ҳудудингда уруш олиб бориш кўникмалари душманникидан сезиларли даражада юқоридир. Сталин бутун фин халқи ўз ватанини ҳимоя қилишга чиққани кутилмаган ҳолат эди. Бу ердагилар 1937-1938 йилларда СССРда рўй берган репрессиялардан яхши хабардор эди, ўшанда минглаб финлар отиб ташланган, фин тилидаги газеталар ва фин тилини ўргатувчи мактаблар ёпилганди.

Бундан ташқари, фин қўшинларининг жанговар имкониятларига паст баҳо берилгани, уларнинг олий бош қўмондони маршал Карл Густав Эмиль Маннергеймдан фарқли ўлароқ, совет қўмондонлиги Сталинга ёқиш учун кўплаб хатоликларга йўл қўйган. Фин ҳимояси ва маҳаллий ҳудуднинг ноқулайлиги совет ҳарбийлари техникаларини лойга ботирган. Финлар танкларга қарши қуроллари камлиги боис ўша вақтларда ўз номига эга бўлган «Молотов коктейли» ёрдамида совет танкларини ишдан чиқара бошлаган.

Фото: Waralbum

Охир-оқибат барибир финлар Совет Иттифоқи билан тинчлик битимини тузишга мажбур бўлади: кичкина Финляндия учун кучли державага қарши туриш осон эмасди. 1940 йил 12 март куни Москвада имзоланган битимга кўра, Финляндия ҳудудий ён босишларни амалга оширишга мажбур бўлади — бу Совет Иттифоқи 1939 йилда талаб қилган ерлардан сезиларли даражада кўп эди (умумий ҳисобда Финляндия ҳудудининг 11 фоизи). Кареля бўйни, Ладога кўли қирғоқлари, Фин кўрфазидаги қатор ороллар, совет ҳарбий-денгиз базасини яратиш режалаштирилган Ханко ороли 30 йилга СССРга ўтган. 430 минг фин бошпанасиз қолган. Шунга қарамай, Финляндия ўз мустақиллигини сақлаб қолган.

«Қишки уруш»нинг 105-куни давомида совет томони 127 минг аскаридан айрилган, яна 246 минг ҳарбий турли даражадаги жароҳатларни олган. Финлар томонидан эса 26 минг киши ҳалок бўлган, 43,5 минг аскар жароҳат олган.

«Кун хронологияси» лойиҳаси доирасида ҳар куни эрталаб соат 09:30 да ушбу санага боғлиқ энг муҳим ва қизиқарли воқеалар ёритиб борилади.