8 декабрь санасига боғлиқ диққатга сазовор воқеалар қаторидан Нью-Йоркда Жон Ленноннинг ўлдирилиши, Украина бўйлаб Ленин ҳайкалларининг қулатилиши ва АҚШ ҳамда СССР ўртасида ядровий қуролсизланишнинг бошланишига оид фактлар ўрин олган

Жон Ленноннинг ўлдирилиши

1980 йил 8 декабрь куни британиялик таниқли мусиқачи Жон Леннон Нью-Йоркда отиб кетилиши оқибатида бир неча дақиқадан кейин операция столида вафот этганди. Мусиқачи ўз қотили ва собиқ мухлиси Марк Дэвид Чепмен билан у вафотидан бир неча соат олдин учрашиб, ҳатто пластинкасига дастхат қўйиб берганди.

Фото: Wallhere

1960 йилларда The Beatles гуруҳи халқ меҳрини қозонган эди. Ливерпуль тўртлигининг машҳурлиги Жон Леннон ўзларининг машҳурлигини шундай ифодалаганди: «биз Исодан ҳам таниқлироқмиз». Ўн йиллик охирига келиб унинг ҳаётида жиддий ўзгаришлар рўй берган. 1968 йилда Леннон хотини Синтия билан ажрашган ва бир йилдан кейин япониялик рассом Йоко Оно билан оила қурган. Let it be альбомининг тақдимоти The Beatles гуруҳининг парчаланиши вақтига тўғри келган. Гуруҳ расман тарқалганини 1970 йил 10 апрелда, Пол Маккартни кетишини айтганида эълон қилган.

Леннон ва Оно Пластиc Ono Band лойиҳасига асос солган. 1971 йилда жуфтлик Нью-Йоркка кўчиб ўтган. Беш йилдан кейин британиялик мусиқачига АҚШга яшаш учун расман рухсат берилган. 1980 йилда The Beatles гуруҳининг собиқ етакчиси ўзининг охирги Double Fantasy альбомини тақдим этганди.

Фото: Wallhere

1980 йил 8 декабрь куни Леннонга «Дакота» меҳмонхонаси ёнида ўқ узишган. Унинг қотили Марк Дэвид Чепмен гуруҳнинг собиқ мухлиси бўлиб, қўшиқчига пистолетдан бешта ўқ отганди.

Ўша куни Леннон ва Оно Нью-Йоркнинг RKO радиосига интервью берган, кейинроқ эса сураткаш Энни Лейбовиц уларни расмга олган. У олган суратлар Rolling Stone журналининг январь сони муқовасида пайдо бўлган. Суратга олиш ишларидан кейин эр-хотин студияга борган, у ерда Оно ўзининг Walking on Thin Ice қўшини ёзган, Леннон эса унга ассистентлик қилган. Эртаси куни улар осиёлик ишчиларнинг норозилик намойишида иштирок этиш учун Сан-Францискога учиб кетишни режалаштирганди.

Жиноят содир бўлган вақтда Леннон 40, Чемпен 25 ёшда эди. Вафотидан бир неча соат олдин қўшиқчи унга Double Fantasy альбомига дастхат қўйиб берган. Сураткаш Пол Гореш уларнинг иккисини ҳам тарихга муҳрлаган.

Фото: Wallhere

Соат 22:50 да Леннон ва Оно «Дакота»га лимузинда келади. Чемпен уларни меҳмонхона яқинида кутиб турган ва мусиқачини кўриши билан уни чақирган: «Жаноб Леннон?». Қўшиқчи яқинда танишган йигитни эслаб, умга бош силкиган ва ортини ўгирган. Шу пайт жиноятчи пистолетини чиқарган ва беш маротаба тепкини босган. Ўқлар Ленноннинг орқаси ва қўлларига теккан.

Чепен яширинишга ҳам ҳаракат қилмаган. У полициячилар келишини кутиб жойидан жилмасдан, ўзининг севимли китоби — Жером Селинжернинг «Жавдарзордаги халоскор» китобини ўқий бошлаган. Полиция ходимлари ҳодиса жойида икки дақиқадан кейин етиб келган. Тез ёрдам ҳали келмагани боис, улар Леннонни ўзлари машинада олиб боришган. Леннон фавқулодда шифохонага жойлаштирилган — бир неча дақиқадан кейин у операция столида ётарди. Бироқ жароҳат жуда жиддий бўлиб, 80 фоизга яқин қон йўқотилганди. Мусиқачини қутқариб қолишнинг имкони бўлмаган. Унинг ўлими соат 23:15 да қайд этилган.

Фото: Wallhere

Оно анъанавий дафн маросидан бош тортган. Бева Маккартни билан бирга мухлисларини Чепмен исмини тилга олмасликка чақирган. Икки кундан кейин Ленноннинг жасади кремация қилинган.

Бутун дунё аҳолисининг севимли мусиқачиси бўлган Ленноннинг ўлдирилиши кўплаб норозиликларни келтириб чиқарган. Эртаси куни барча радиостанцияларда Ленноннинг қўшиқлари янграган. Қисқа вақт ичида Оно 250 мингга яқин ҳамдардлик битилган мактубларни қабул қилиб олган. The Beatles пластинкаларига бўлган талаб ошиб кетган. Фожиадан уч ҳафта ўтиб Double Fantasy альбоми биринчи ўринга чиққан.

Судда психиатр экспертлар ўз ҳамкасбларининг Чепмен параноид шизофрениядан азият чекиси ҳақидаги хулосаларини рад этган. Судланувчи соғлом экани ва жиноят содир этганини яхши тушунган. Натижада Чепмен умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилган.

Фото: Wallhere

Жиноятчи журналистларга берган интервьюсида олдинлари Леннон унинг кумирларидан бири бўлган, бироқ кейинроқ ундан ҳафсаласи пир бўлгани туфайли қотилликка қўл урганини айтган.

Чепменнинг сўзларига кўра, у мусиқачи хиппилар ҳаракати етакчиси экани ва қўшиқларида шахсий мулксиз дунёга чақирганини, аммо ўзи кўп миллионлик мулк ва автомобилларга эгалик қилишини ўқиган. Шу сабабли жиноятчи «ёлғон тимсоли»га қарши курашишга қарор қилган. Психологларнинг хулосасича, Чепмен бир вақтнинг ўзида нарсизм ва ўзига паст баҳо беришдан азият чеккан. Жиноятчининг ўзи Леннон ўлдирилганидан кейин ёлғонга қарши курашнинг рамзи бўлиб, шон-шуҳрат қозонишни хоҳлаганини тан олган.

Украина бўйлаб Ленин ҳайкалларининг қулатилиши

2013 йил 8 декабрь куни Украинада «Евромайдон» вақтида Владимир Ленинга атаб ўрнатилган ҳайкалларнинг биринчиси ағдарилиб, бутун мамлакат бўйлаб ушбу ташаббусни бошлаб берганди.

Фото: «5.ua»

Украинада жами 1,3 мингдан ортиқ Ленин ҳайкали олиб ташланган. 2017 йил августида ўша вақтдаги Украина миллий хотира институти раҳбари Владимир Вятрович шаҳарларда совет босқинчисига атаб ўрнатилган бирорта ҳам ҳайкал қолмаганини айтган эди.

Киевдаги Ленин ҳайкалининг баландлиги 3,45 метрни ташкил этиб, зинага эга етти метрли қизил гранитдан ишланган постаментга ўрнатилган. Қизиқ жиҳати бу ҳайкални қулатишга бўлган биринчи уриниш эмасди. 2009 йилнинг ёзида ҳайкалга жиддий зарар етказилган: бурун ва қўллари чопилган, бироқ ўша йилнинг ноябрида у қайта таъмирланганди. Иккинчи уриниш 2013 йил 1 декабрь куни, Майдонда талабалар калтакланганидан кейин амалга оширилган. Ўша вақтда намойишчилар ва «Бургут» ходимлари ўртасидаги жанжал монументни бузишга бўлган уриниш сабаб келиб чиққан.

Фото: «5.ua»

Ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотларига кўра, юзларини беркитиб олган бир неча ўн киши ҳайкалга «фашист» деб ёзиб кетган. Бунга халақит беришга уринилганида ўртада жанжал келиб чиққан. Киевдаги Ленин ҳайкали охир оқибат 2013 йил 8 декабрь куни қулаган. Уни қулатиш жараёнида 200 га яқин одам қатнашган. Ҳайкал қаршисига нарвон қўйилиб, тросслар тортилган ва монумент қимирлатиб, ўрнатилган жойидан йиқитилган. Буларнинг барчаси бу вақтга келиб намойишчиларга қаршилик билдирмаётган милиция ходимларининг кўз ўнгида содир бўлганди.

Фото: «5.ua»

Совет етакчисининг ҳайкали қулаган вақтда унинг боши гранит плитани ёриб юборган ва узилиб кетган. Йиқитилган монументни одамлар майдалаб, сувенир сифатида олиб кетишга тушган. Унинг атрофида Украина, Беларусь ва Литва байроқларини кўтарганлар «Инқилоб», «Янукович, кейингиси сенсан!», дея бақирган.

Киев милицияси содир бўлган воқеани оммавий тартибсизлик деб атаб, унга алоқадорларни қўлга олишни бошлаган. Украина пойтахтида содир бўлган мазкур воқеалардан кейин бутун мамлакат бўйлаб Ленин ҳайкалларини яксон қилиш бошланган. Бу орқали аҳоли тоталитаризм рамзини қулатиб, Украинанинг янгиланиш йўлини очяпмиз деб ҳисоблаган.

Фото: «5.ua»

2013 йил декабрь ойининг ўзида Украинада совет раҳнамосига тегишли 3 та ҳайкал қулатилган — Одесса, Волин ва Черкаси вилоятларида. 2014 йил январида Украинанинг турли бурчакларидаги яна 9 та шу каби монумент вайрон қилинган. Шу йилнинг февралида эса бу борадаги кўрсаткич 300 тадан ошиб кетган.

Фото: «5.ua»

«Ҳайкаллар сони 2,5 мингга яқин. Улар нафақат Иличга, балки бошқа коммунизм раҳбарларига атаб ўрнатилган. Аммо ҳақиқий рақамлар бундан кўп бўлиши мумкин, чунки ҳайкалларнинг бир қисми рўйхатга ҳам олинмаган. Масалан, бирор-бир завод ёки қишлоқ ҳудудида ҳеч ким эслай олмайдиган монумент бўлиши мумкин», — деганди Вятрович.

АҚШ ва СССР ўртасида ядровий қуролсизланишнинг бошланиши

1987 йил 8 декабрь куни АҚШ президенти Роналд Рейган ва СССР раҳбари Михаил Горбачёв Вашингтонда «Ўрта ва яқин масофали ракеталарни йўқ қилиш тўғрисидаги муддатсиз шартнома»ни имзолаган эди.

Фото: «ТАСС»

1970 йиллар ўрталарида АҚШ ва СССРда лазер ва инфрақизил тизимли ракеталар пайдо бўлган. Уларнинг нишонга тегиш аниқлиги 30 метрга етган. Ядровий зарба душман тараф жавоб механизмини ишга туширгунга қадар амалга оширилиши мумкин эди.

АҚШ Ғарбий Европада жойлашган тизимларини модификация қилган, бунга жавобан СССР ғарбий чегараларига 300 га яқин ўрта масофага мўлжалланган ракеталарини жойлаштирган — уларнинг ҳар бири учтадан жанговар каллакча билан жиҳозланганди. Бу СССРга бир дақиқа ичида Ғарбий Европадаги НАТО ҳарбий инфратузилмасини — портлардан тортиб бошқарув марказларигача йўқ қилиш имконини берган.

Шунда АҚШ 1983 йилда Европага совет ракеталари ўрнатилган жойлар ва қўмондонлик пунктларига 6-8 дақиқада етиб боришга қодир 572 та «Першинг-2» ракеталарини жойлаштирган. 1980 йилда АҚШ президентлиги лавозимини Роналд Рейган эгаллаган. 1981 йилда у СССР ғарбий чегараларга ўрнатган ракеталарини олиб ташласа, Европага ракеталар ўрнатишда воз кечиш таклифини билдирган. Совет Иттифоқи Коммунистик партияси Марказий қўмитаси бош котиби Леонид Брежнев бунга жавобан Европадан тактик қуролларни ҳам олиб чиқиш ва таянч тизимини бекор қилиш таклифини берган, бироқ АҚШ бундай таклифга рози бўлмаган.

Фото: «ТАСС»

Брежнев ўрнига келган Юрий Андропов 1983 йилда агарда космик қуролланиш масалалари бўйича қўшимча музокаралар ўтказилса, ушбу масалани муҳокама қилишга тайёрлигини билдирган. Бу вақтга келиб АҚШда космик базалаштириш бўйича кенг кўламли тизимларни яратиш бошланган, бу СССРдан амалга ошириладиган ядровий зарбани тутиб қолиш имконини берарди. Шу боис АҚШ бундай музокараларни рад этган.

Музокаралар масаласи яна бир неча бор кўтарилган, аммо томонлар шартлар бўйича якуний қарорга кела олмаган. Вазият мудофаа вазири Дмитрий Устиновнинг вафоти ва ҳокимиятга Михаил Горбачёв келиши билан юмшаган.

1985 йилда СССР космик қуролланиш бандини қўшмаган ҳолда ракеталар бўйича битимни муҳокама қилишга тайёр эди. Шу йили Женевада СССР ва АҚШ ўртасида стратегик ва ўрта масофага мўлжалланган ядровий қуролланиш бўйича музокаралар ўтказилган. Рейган ва Горбачёв бирор аниқ натижага эришмаган бўлса-да, диалогнинг пайдо бўлиши ижобий натижа эди.

Икки мамлакат етакчисининг навбатдаги учрашуви 1986 йил кузда Горбачёвнинг ташаббуси билан Рейкявикда учрашган. Асосий ғоя космосда қуролланиш пойгасидан воз кечиш ва ядровий қуролланишни кескин қисқартириш эди. Бу борада прогрессга 1987 йил сентябрда эришилган. СССР ўрта ва яқин масофага мўлжалланган ракеталар учун ягона классификацияни ишлаб чиқиш ва «CC-23» тезкор-тактик ракета комплексларига уни киритишга тайёрлигини билдирган. АҚШ эса «Томагавк» қанотли ракеталаридан ва Европага «Ленс-2» ракеталар мажмуаларини жойлаштиришдан воз кечишга рози бўлган.

Фото: «ТАСС»

1987 йил 8 декабрь куни Рейган ва Горбачёв Вашингтонда Ўрта ва яқин масофага мўлжалланган ракеталарни йўқ қилиш тўғрисидаги битимни имзолаган. Унга кўра, икки держава радиуси 500-5500 километр бўлган барча ер усти ракеталарини йўқ қилиши керак эди. Бу тарихда биринчи марта қуролларнинг бутун синфи бекор қилиниши эди.

Қисқа масофали ракеталарни йўқ қилиш муддати бир ярим йил, ўртачаники — уч йил этиб белгиланган. Ракеталар бўлакларини ёқиш орқали йўқ қилинган. Уч йил ичида СССРда 1846 та ракета, 825 та учириш қурилмалари, 812 та асосий қисм корпуслари, шунингдек, ракета мажмуаларининг бошқа минглаб элементлари йўқ қилинган. АҚШ эса бу кўрсаткич қуйидагича: 846 та ракета, 289 та учириш қурилмалари, 442 та асосий қисм кўрпуслари.

«Кун хронологияси» лойиҳаси доирасида ҳар куни эрталаб соат 09:30 да ушбу санага боғлиқ энг муҳим ва қизиқарли воқеалар ёритиб борилади.