Инсон қўллари ажойиб ишчилардир. Қанчадан қанча ишларни бажариши, яратиши ва ясаши мумкин. Шу билан бирга, ташқи таъсирлардан ҳам кўпроқ қўллар азият чекади: улар куйиши, музлаши ёки кесилиб  кетиши мумкин. Аммо ҳамма ҳам қўлни кесиб олганда қандай қилиб қонни тўғри тўхтатишни билмайди, деб ёзади Wday.

Фото: Wday

Қўлни кесиб олганда қон кетишни қандай тўхтатиш мумкин?

Буларнинг барчаси жароҳатнинг кучи ва чуқурлигига боғлиқ.

Агар у кичик бўлса, қонни қуйидагича тўхтатиш мумкин:

  • жароҳат тахминан 3 дақиқа давомида пахта ёки тоза мато билан қисилади. Шу билан бирга, улар тоза бўлиши керак.
  • Қон тўхтагандан сўнг ярани ёд ёки водород перекис билан даволаш керак, сўнгра устига тиббий тасма ёпиштириш лозим. Қўлни бошқа дезинфекциялаш воситалари бўлмаса, совун билан ҳам ювиш мумкин.
  • Жароҳат одатда 3-5 кун ичида тузалади.

Қўл чуқур кесилган бўлса, қон кетишини қандай тўхтатиш керак?

  • Аввало, қўлни вертикал равишда ушлаб туриш керак, шунда қон тезроқ тўхтайди.
  • Шунингдек, кесилган жойга бандаж ёки рўмолчани маҳкам босилади ва қон тўхтагунча кутилади.
  • Қон оқиши секинлашганда иложи бўлса, жароҳатни даволаш ва уни маҳкам боғлаш лозим.
  • Агар қон кетиш 15 дақиқадан кўп давом этса, дарҳол тиббий ёрдамга мурожаат қилиш тавсия этилади.

Ушбу усуллар уй шароитида қон тўхтатиш учун қўлланади. Аслида, шифокор ҳам худди шуларни бажаради, фақат дезинфекциялаш учун махсус тиббий воситалардан фойдаланиши мумкин. Чуқур кесилиш, айниқса шиша буюмлар билан содир бўлганда, шифокор жароҳатни текширади ва шиша қолдиқларини олиб ташлайди. Кўпинча қон кетиш бирдан тўхтамайди, чунки кесилган жойда ёт жисм қолган бўлиши мумкин.

Қўл кесиб олинганда, қон кетишини қандай тўхтатиш кераклигини билишнинг ўзи етарли эмас. Яранинг тез шифо топиши учун уни тўғри парвариш қилиш муҳимдир.

  • Дастлаб жароҳатга ёпиштирилган тасма эртаси куни олинади, чунки яра нафас олиши керак. Шунда кесилган жой тезроқ тузалади.
  • Ҳар қандай ишни бажаришда тасма яна жароҳатга ёпиштирилади.
  • Агар яра яллиғланган бўлса, у ёд, зелёнка ёки водород перекис билан даволанади.
  • Ярани антисептик эритмалар билан ювишни унутмаслик лозим. Шунингдек, жароҳат тўлиқ тузалмагунча уни сувга солиш мумкин эмас. Ёки қўлқопдан фойдаланган ҳолда ишларни бажариш тавсия этилади.

Назарий жиҳатдан кўпчилик бармоқдан қонни қандай тўхтатишни билади, лекин тўсатдан бу каби ҳодиса содир бўлганда, қонни кўриб, шошиб қолиш мумкин. Бунинг учун диққатни жамлаш, қон кетишини тез ва аниқ тўхтатиш, ярани дезинфекциялаш, уни ёпишқоқ тасма билан ёпиш ёки бинт билан ўраш муҳимдир. Иш тўғри бажарилганда, жароҳат одатда 3-10 кун ичида тузалади.